Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Партиялар ҳаётидан: Халқ орасидаги «АДОЛАТ»

Оматхон Ўринованинг касби шифокорлик. Ҳузурига даво излаб келганларнинг дардларига нафақат дори-дармонлари балки ширин сўзлари билан ҳам малҳам бўлади. Шу кунгача не-не инсонларнинг шифо топиб, осуда меҳнат ва оиласи қучоғига қайтармади, дейсиз. Шифокорлик касбини улуғлаётган Оматхон жамоат ишларида фаоллиги билан ҳам барчанинг диққат-эътиборини тортган. Халқ депутатлари туман Кенгашига 11-Чувама сайлов округидан сайланган депутат сифатида олиб бораётган фаолияти ҳам юртдошларини мамнун этмоқда. Чунончи у Ўзбекис­тон «Адолат» СДПнинг «Адолат-ҳаётимизнинг бош мезони. Адолат—ҳар бир инсон учун» партия дастури асосида фаолият олиб бормоқда.

-Ҳар бир партия аъзоси ва депутат сингари мен ҳам фао­лиятимни дастурга асос­ланган иш режаси асосида олиб бораман,-дейди Оматхон. – Ҳудудимдаги Тошкечик, Узун кўча, Қум кўча маҳаллалари ва у ерда истиқомат қилаётган юртдош­ларимни яхши танийман. Иш режамни ҳам уларнинг турмуши, қувонч ва муаммоларини ҳисобга олган ҳолда тузганман. Зотан аниқ режа асосида олиб борилган фаолиятгина жамиятга фойда келтириши маълум.
-Депутатлик фаолиятингиз давомида ўрганиб, таҳлил этиб Олий Мажлис Қонунчилик Палатасига тақдим этган таклиф ва мулоҳазаларингиз бўлдими? Қабул қилинаётган қонунларни тарғибот қилиш ва тушунтириш ишларини олиб боришда нималарга эътибор берасиз?
-Касбим тақозосидан келиб чиқиб «Гўдак ва кичик ёшдаги болаларнинг овқатланиши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мазмун-моҳиятини тўла ўрганиб чиқдим. Сўнг аҳоли ўртасида Қонуннинг мазмуни, қабул қилинишидан кўзланган мақсад ва моҳияти тўғрисида тушунтириш ва тарғибот ишларини ўтказдим. Ўрганишлар, суҳбатлар, муҳокамалар давомида асослантирилган таклифлар юзага келди ва мен буларни Олий Мажлис Қонунчилик Палатасига тақдим этдим. Албатта бу биринчиси эмас.
-Депутатлик гуруҳи назорат-таҳлил фаолияти бўйича олиб бораётган ишларингиздан қониқяпсизми?
-Ишлардан қониқиш ҳосил қилиш-бу фаолиятсизликка йўл дегани эмасми? Олиб бораётган ишларимдан қониқиш ҳосил қилмайман. Туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги КТМП, ҚОП ва ҚВПларда «Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик» лойиҳаси доирасида тумандаги умумтаълим мактабларида стоматология кабинетларнинг мавжудлиги ўрганиб чиқилди. Кабинетларнинг аҳволи, моддий-техника базаси, тиббиёт ходимлари билан таъминланганлиги, кариес билан оғриган ўқувчилар сони, уларнинг тиббий билимлари, мактабларнинг санитария-гигиена даражаси талабларининг қай даражада билишлари ўрганиш давомида аниқланди. Шу билан бирга ота-оналар ўртасида тиббий маданиятнинг қай даражада шаклланганлигига эътибор берилди. Бу ўрганишлар тўғрисидаги маълумотлар халқ депутатлари туман Кенгаши доимий комиссиясига тақдим этилди. Лекин халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясига бу масала киритилмади. Аҳволни яхшилаш борасидаги таклифлар ҳам, маълумотлар ҳам қолиб кетди.
-Аҳоли билан ўтказилаётган учрашувлар, давра суҳбатларида, очиқ мулоқотларда қандай талаб­лар айтилмоқда?
— Уй-жой, кўчаларни шағаллаштириш, асфальтлаштириш, электрдаги муаммолар, моддий ёрдам, имтиёзли йўлланмалар, тоза сув масалаларини ҳал қилиш борасида ҳақли талаблар айтилмоқда.
Партиянинг «Адолат-қонун устиворлигида» лойиҳаси доирасида ҳафтанинг ҳар чоршанба кунида уйма уй юрилиб, сайловчилар билан очиқ мулоқотлар, суҳбатлар ўтказилади. Узун кўча маҳалласининг «Ипакчи» кўчасида бўлган учрашувда тоза ичимлик суви муаммоси кўтарилган эди. Бу ижобий ҳал этилди. «Мадраса» кўчасининг 1 километр масофаси асфальтланди. Тошкечик маҳалласининг «Обод диёр» кўчасининг 50 метр масофаси шағаллаштирилди. «Қум кўча» маҳалласига янги трансформатор ўрнатилди. «Узун кўча» фуқароси Ёрқиной Қодировага ижтимоий таъминот бўлимидан моддий ёрдам берилди. Шу кўчадан 1-гуруҳ ногирони, шароити оғир, кам таъминланган Оматой Абдураҳимованинг хонадони электр токи билан таъминланди. Паҳлавон Мўминов, Даврон Акрамов, Норинса Усмонова, Муҳитдин Ҳасанбоев, Фозилжон Ҳакимовларга соғлик­ларини тиклаш, даволанишлари учун имтиёзли ордерлар олиб берилди. 5 нафар фуқаро ногиронлик аравачаси билан таъминланди.
-Келгуси режаларингиз қандай?
-Тошкечик маҳалласидаги сув қудуғини реконструкция қилиш, 4 та тармоқ қуришга эришиш, Қум кўча маҳалласига 1 та қудуқ, 4 та тармоқ қуришни Давлат дастурига киритиш.
Оматхон Ўринованинг сўзларини тинглар эканмиз, ҳар бир киши «бажараман» деган ишига имкон топиши мумкинлигига инондик. Зероки, Тошкечик, Узун кўча, Қум кўча маҳалла фуқаролар йиғинларида «Адолат» қабулхоналарини ташкил этиш, эл дарди билан яшаш, уларнинг қувонч-ташвишларига шерик бўлиш, муаммоларини ҳал этиш депутатлик фаолиятининг мазмуни.

М. Мирзаабдуллаев,
«Пахтакор» махсус мухбири

Улашинг: