Нажмите "Enter" для пропуска содержимого

МАВЗУ—КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ

Жиноят ишлари бўйича Избоскан туманлараро суди биносида туман пенсия жамғармаси ходимлари иштирокида коррупцияга қарши курашиш ва унинг салбий оқибатларининг олдини олиш мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Жиноят ишлари бўйича Избоскан туманлараро суди раиси Ж. Якубхўжаев бугунги кунда бутун дунёда глобал муаммога айланиб улгурган коррупцияга қарши жаҳон мамлакатлари кўплаб усуллар билан кураш олиб бораётгани, Коррупцияга қанчалик чек қўйилишига қараб унинг маълум бир давлатда ривожланганлик даражасини билиш мумкинлиги, ривожланаётган давлатлар ривожланган ва коррупцияни енгган давлатлардан коррупцияга қарши кураш моделларни ўрганишаётгани ҳамда ўзларининг мамлакатларида коррупцияга қарши курашда фойдаланишаётганлари тушунтириш берди.

У ўз сўзида мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишнинг илғор халқаро стандартларга асосланган тизимини жорий этиш бўйича изчил чоралар кўрилаётганига тўхталиб ўтди. Жумладан, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилмоқда.

Илк бор коррупциявий хавфларни аниқлаш ва тизимли таҳлил қилиш, уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф қилиш учун масъул бўлган алоҳида орган—Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилганлиги бу ишда муҳим қадам бўлди. Давлат ҳокимияти органлари ва йирик хўжалик юритувчи субъектларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилганлиги ижобий самара бермоқда. Рақамли технологиялар имкониятидан кенг фойдаланган ҳолда транспорт воситаларига давлат рақам белгиларини бериш, нотариат ва бошқа давлат хизматларини кўрсатиш, ер участкаларини ажратиш, йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш каби кўплаб соҳаларда коррупция ва суиистеъмолчиликларнинг олдини олишга қаратилган самарали механизмлар жорий этилмоқда. Шу билан бирга, кўрилаётган тизимли чораларга қарамасдан, бюджет маблағларидан фойдаланиш, давлат харидлари, капитал қурилиш, лицензия ва рухсатномаларни олиш, банк кредитларини ажратиш, ишга қабул қилиш каби йўналишларда коррупция ҳолатлари сақланиб қолмоқда. Биз барчамиз биргаликда ана шундай салбий ҳолатларга қарши кураш олиб боришимиз даркор. Шунда биз мамлакатимиз тараққиётига муҳим ҳисса қўшиш билан бирга коррупцияга қарши курашда фаоллигимизни кўрсатамиз,-деб таъкидлади Ж. Якубхўжаев.

Йиғилиш давомида Жиноят ишлари бўйича Избоскан туманлараро суди раиси Ж. Якубхўжаев қатнашчиларнинг мавзуга оид барча саволларига жавоб берди.

Улашинг: