Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Тарғибот

«18-ИЗБОСКАН САЙЛОВ ОКРУГИ»ДА ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ МЕҲНАТ КОДЕКСИ ҲАМДА КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР ТАРҒИБОТИ ЮЗАСИДАН…

2022 йил 28 ноябрь куни Избоскан туманида Қонунчилик палатаси депутати Наврўзбек Юсупов, туман ҳокими Серобиддин Исмоилов ҳамда туман фаоллари, корхона ва ташкилот раҳбарлари иштирокида янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг ҳамда Конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил
28 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонуни асосида тасдиқланган янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳиятини ҳуқуқни қўлловчиларга тушунтириш, унинг ижросини таъминлаш каби устувор масалалар ҳамда Конституцияга киритилиши тавсия этилаётган таклифлар муҳокама қилинди.

Қайд этиш лозим, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида барча соҳалар қатори меҳнат муносабатлари тизимида ҳам сезиларли ўзгаришлар бўлди.

Соҳага институционал, ташкилий-ҳуқуқий, қонунчилик, норма ижодкорлиги ҳамда халқаро стандартларни жорий этиш бўйича кенг кўламли тизимли ишлар олиб борилди.

Йиғилишда Меҳнат кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш чоғида 10 дан ортиқ халқаро ташкилот, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг қатор конвенциялари, 60 дан зиёд давлат тажрибаси ўрганилгани, Кодекс лойиҳаси Қонунчилик палатасида 1 йил давомида жуда чуқур таҳлил этилиб, маромига етказилгани қайд этилди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг ҳажми амалдагисига нисбатан деярли 3 баробар катта бўлиб, 581 та моддани ўз ичига олган. Ҳужжатда бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқишни назарда тутувчи нормалар қўшилди.
Янги кодексдаги нормаларнинг тўғридан-тўғри ишлашида, ҳаётда самарали татбиқ этилишида меҳнат бозори иштирокчилари, ишчи-ходимлар, иш берувчилар, иш изловчилар ҳамда ваколатли ташкилот ва идоралар масъулларига Ҳужжатдаги моддаларнинг мазмун-моҳиятини содда, аниқ ва тўғри тушунтириш муҳим аҳамият касб этади.

Меҳнат бозорининг келажакдаги ривожи учун хизмат қиладиган янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси мамлакатимизда ижтимоий соҳа ва иқтисодиётни ривожлантириш, жумладан, инвестиция муҳитини яхшилаш борасида мамлакатимиз меҳнат қонунчилигини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини белгилайди.

Мазкур кодекс истиқболда кичик бизнес субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланадиган аҳоли меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишга имкон беради.

Расмий ва норасмий тармоқда мавсумий иш билан банд бўлганларнинг меҳнат ҳуқуқларини тартибга солишдаги бўшлиқлар ва қарама-қаршиликларни бартараф этади. Меҳнат муносабатларида коррупция хавфи камайиб, “Ягона миллий меҳнат тизими” рақамлаштирилади.

Гендер тенглик, нейтраллик тамойиллари, имконияти чекланган шахслар, норезидентларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи таъминланади. Иш берувчиларнинг меҳнат бозоридаги янги меҳнат турларидан фойдаланиш имконияти яратилади, меҳнат шартномаси турлари кенгайтирилади ва норасмий тармоқларда ишловчиларни легаллаштиришга эришилади.

Мухтасар айтганда, ушбу ҳужжат мазкур соҳадаги қатор муаммоларни, меҳнат бозоридаги вазиятни инобатга олиб, бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиққан ҳолда, қонуний ҳал қилишда, ишлаган ишига, иш берувчи эса киритган сармоясига муносиб тарзда эътибор ва рағбатга эга бўлишини кафолатлайдиган муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Наврўзбек ЮСУПОВ.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг: