ОДИЛ СУДЛОВГА ЭРИШИШ ЙЎЛИДА.
Сўнгги йилларда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди.
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сонли фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармонга асосан 2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ва ушбу стратегияни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури тасдиқланди.
Стратегия доирасида адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш билан бирга, суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш каби устувор вазифалар белгиланди.
Ҳаракатлар дастурининг 5-банди маъмурий суд иш юритувини такомиллаштириш чораларини кўришга қаратилган бўлиб, 2023 йил ноябрь ойига қадар “Маъмурий суд иш юритувини такомиллаштириш концепцияси”ни ишлаб чиқиш белгиланган.
Унда маъмурий органлар билан фуқаролар ва тадбиркорлар ўртасидаги барча низоларни хатловдан ўтказиб, судловга тааллуқлилигига оид қоидаларни такомиллаштириш; маъмурий суд иш юритуви принципларини танқидий ўрганиб, оммавий-ҳуқуқий муносабатларнинг мазмун-моҳиятини акс эттирувчи принципларни киритиш; маъмурий суд иш юритувига даъво институтини киритиб, маъмурий органлар устидан бериладиган даъво турларини аниқ белгилаш; фуқаролар ва тадбиркорларнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончини ҳимоя қилиш тизимини танқидий ўрганиб, етказилган зарарни ундириш тартибини аниқлаштириш; маъмурий судлар фаолиятига ҳуқуқи бузилган фуқаро — аризачининг хоҳишига кўра экстерриториал судловга тегишлилик механизмини жорий этиш назарда тутилган.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу Фармон авваламбор, “Инсон қадри учун” ғояси асосида қабул қилинган бўлиб, келгусида адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.
А. ИСАҚУЛОВ, Андижон туманлараро маъмурий судининг судьяси.