Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Референдумни ўтказувчи округ ва участка комиссиялари аъзолигига 33 мингга яқин номзод шакллантирилган

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида референдумга тайёргарлик кўриш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида МСК котиби Худоёр Маматов маъруза қилар экан, референдумни ўтказувчи округ ва участка комиссиялари раиси, раис ўринбосари, котиби ўринбосари лавозимига 33 мингга яқин номзод шакллантирилганлигини таъкидлади:
– Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартдаги ҳамда Олий Мажлис Сенатининг 14 мартдаги қарорларига мувофиқ «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикасининг референдуми 2023 йил 30 апрель – якшанба куни ўтказилиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси референдумини миллий қонунчиликка мос тарзда, уюшқоқлик билан ташкил этиш учун референдум комиссиялари аъзолари ҳамда референдум жараёни иштирокчиларининг билими ва кўникмаси юқори даражада бўлиши муҳим. 2022 йилда Марказий сайлов комиссияси сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепциясини тасдиқлаган эди. Мазкур ҳужжат асосида республикамизнинг барча ҳудудларида референдум ва сайлов жараёни иштирокчиларининг малакасини оширишга қаратилган семинар-тренинглар бўлиб ўтди.

Референдум ўтказувчи округ ва участка комиссияларини ташкил этиш учун республика штаби ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий, ҳамда туман, шаҳар штаблари фаолияти йўлга қўйилди. 104 нафар республика тренерлари, 966 нафар ҳудудий тренерлар, округ ва участка комиссиялари раиси, раис ўринбосари, котиби ўринбосари лавозимига 33 мингга яқин номзод шакллантирилди. Референдумни ўтказувчи комиссиялар томонидан ўқув-семинарлар шу йил 10 апрелга қадар якунланади.

Мажлисда референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишга қаратилган ўқитиш жараёнларининг навбатдаги босқичини амалга ошириш юзасидан қарор қабул қилинди.

Улашинг: