Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Қўлига кишан солинганида унинг қўлида  эмизикли боласи бор эди

Қўлига кишан солинганида унинг қўлида  эмизикли боласи бор эди (+видео)

ЖамиятТанлаш

Рўйхатдан ўтинг
17:59 / 28.03.2023

Маҳкумлар қисмати

Маҳкумлар қисмати, таъбир жоиз бўлса, энг аччиқ қисмат. Чунки бу қора панжаралар ортида тириклик учун энг муҳим нарса – озодлик йўқ. Эрксиз, яқинларсиз яшашга маҳкумлик, адоқсиз соғинч изтироби ҳукмрон манзил бу.

Содир этилган турли жиноятлар оқибатида ҳаёти ўзгариб кетган турфа қисматли одамларнинг пушаймонлик сўзлари бошқаларга сабоқ бўлса ажаб эмас.

Зеро, доно халқимиз бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил, деган пурмаъно ҳикматни бежиз айтмаган.

Бундан кўзланган мақсад инсонни ношукр бўлмасликка, хатоларни кўрганда ундан сабоқ чиқаришга даъват бор.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзАнинг Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти билан ҳамкорликда тайёрланаётган “Маҳкумлар қисмати” лойиҳасидан кўзланган мақсад ҳам шу.

Навбатдаги суҳбатдошимиз айни пайтда Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган Аёллар колониясида жазо муддатини ўтаётган 29 ёшли Шаҳло Жуманиёзова.

Икки нафар фарзанднинг онаси, асли қорақалпоғистонлик бу ёшгина аёлнинг қўлига кишан солинганида, унинг қўлида эмизикли боласи бор эди. Суҳбат асносида айнан шу ҳолат кўз ўнгида жонландими, аёл кўз ёшларини тия олмади… Ростдан ҳам онанинг фарзандидан узоқлашишидан кўра оғирроқ қайғу ва алам йўқ.

Хўш, нима бўлган эди? Турмуш ўртоғи, икки нафар фарзанди билан Тошкент шаҳрида бинойидек яшаётган аёл қандай қилиб жиноятчига айланиб қолди?

— Мен холамни ва унинг турмуш ўртоғини пичоқлаб қўйганман. Аслида ўлдириш ниятим бўлмаган. Биз уларникига меҳмонга боргандик. Шу баҳона нимагадир урушиб қолган онам ва холамни яраштириб қўймоқчи эдим. Лекин ўхшамади. Шу ерда ҳам улар тортишиб кетишди. Холам онамни ҳақорат қилишни тўхтатмади. Онам эса кўз ёш тўкар эди. Мен бунга чидаб тура олмадим. Қўлимга қандай қилиб пичоқ олганимни билмай қолдим. Холамни шунчаки қўрқитиб қўймоқчи эдим. Лекин вазият жиддийлашиб кетди. Холамга бир неча марта пичоқ санчдим. Бақир-чақирни эшитиб поччам келди. Унга ҳам пичоқ тегди. Қўшни хонадонда ўтирган турмуш ўртоғим воқеалардан хабар топиб етиб келди. Қўлимдан пичоқни олиб отиб юборди.

Жиноят содир бўлди, аммо ачинарлиси, бу жиноятга Шаҳлонинг турмуш ўртоғи ҳам аралашиб қолди.

Чунки у болаларини тирик етим қилмаслик учун даставвал Шаҳлони ҳуқуқ-тартибот органидан яширишга уринди. Бекиниш бефойда эканини тушуниб етгач, ҳамма айбни бўйнига олиб, аёлини қутқаришни режа қилди. Бироқ, жабрланувчиларнинг кўрсатмалари буларни инкор қилди, албатта.

Жабрланувчи хола Шаҳлони ҳам, унинг турмуш ўртоғини ҳам ўзини ўлдиришга суиқасд қилганликда айблади. Шу тариқа Шаҳло 7 йилга, унинг турмуш ўртоғи 15 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Бу воқеалар 2021 йилда содир бўлган. Шундан бери маҳкуманинг икки ўғли онаси ва сингиллари қарамоғида.

Маҳкума бошидан ўтганларни сўзлар экан, чекаётган афсус надоматининг чеки йўқлигини айтди. Айниқса, турмуш ўртоғининг ҳаётига қора тортгани уни кўпроқ азобламоқда. Болаларини ҳеч бўлмаса отасиз қолдирмаслиги мумкинлигини ўйлаб виждон азобидан қийналаётгани у бир неча марта такрорлади.

Бу воқеа доно халқимизнинг “билмайин босдим тиканни, тортадирман жабрини” мақолини ёдга солади. Бу мақол эса барчамизга қадам босишдан олдин ўша йўлга назар солиш, ўйлаб қадам босишни уқдиради.

Норгул Абдураимова, Нишон Абдувоитов (видео), ЎзА

Улашинг: