Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Педагогларни тиббий кўрикдан ўтишлари бепул!

      Педагогларни тиббий кўрикдан ўтишлари бепул!   

САВОЛ: Мен мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайман, мактаб ҳамшираси тиббий кўрикдан ўтишимиз кераклигини   маълум қилиб, СЕС идорасига ўқитувчилар 70.000 сўмдан тўлов қилишимизни айтди, шу тўғрими?

  ЖАВОБ: Мактаб ҳамширасини ходимни тиббий кўрикдан ўтиши учун Санитярия эпидимологик осойишталик ва Жамоат саломатлиги хизмати бўлимига пул тўлаши лозимлиги тўғрисидаги талаби нотўғри! Ўзбекистон Республикаси “Педагог мақоми тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига асосан педагог ходимларга давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтиш (давлат таълим ва ташкилотлари учун) ҳуқуқи берилган бўлиб, ушбу Қонунинг 7-моддасида педагог ходимларнинг мажбуриятларидан бири мажбурий тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтиши шарт этиб белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 292-моддасида “Ходимнинг мажбурий тиббий кўрикдан у дастлабки (ишга қабул қилиш чоғида) ёки даврий (иш жараёнида) хусусиятга эга бўлишидан қатъи назар, ўтиши билан боғлиқ харажатларни компенсатсия қилиш иш берувчининг ҳисобидан амалга оширилади” деб белгиланган.

Мазкур Кодексининг 360-моддасида “Ходимлар мажбурий тиббий кўриклардан ўтиши муносабати билан чиқимдор бўлмайди” деб кўрсатилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Мактаб ва мактабгача таълим вазирлигининг 2024-йил 26-августдаги Қўшма хатида Давлат бюджети ҳисобидан мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш ҳаражатларига жорий йилда 71,4 млрд сўм ажратилган бўлиб, ушбу маблағлар тиббиёт муассасаларининг тегишли ҳаражатлар сметаларига режалаштирилганлиги кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2012 йил 10 июлдаги 200-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ қуйидаги тиббий кўрикдан ўтказиш тартиблар кўрсатилган. Бунда, -Иш берувчи ҳудудий давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари (бундан буён матнда ҳудудий ДСЕНМ деб юритилади) ва ташкилотнинг касаба уюшмаси қўмитаси билан биргаликда ҳар календар йилнинг 1 декабригача ташкилотдаги тиббий кўрикдан ўтказилиши шарт бўлган ходимларнинг лавозим бўйича контингентини аниқлаши ва бу ҳақда мазкур Низомнинг 4-иловасига мувофиқ шаклда далолатнома тузиши лозим.

-Иш берувчи тиббий кўрикдан ўтказилиши шарт бўлган ходимларнинг лавозим контингентидан келиб чиқиб ҳудудий ДСЕНМ ва ташкилотнинг касаба уюшмаси қўмитаси билан келишган ҳолда тиббий кўрикдан ўтиши шарт бўлган ходимларнинг рўйхатини тузади ва тиббий кўрикни ўтказувчи даволаш-профилактика муассасасига тақдим этади. -Тиббий кўрикдан ўтиши шарт бўлган ходимларнинг рўйхатида ташкилот номи, ходимнинг касби, у ишлаётган цех ёки бошқа бўлинма номи, ишлаб чиқаришнинг хавфли ва зарарли омиллари ҳамда ходимнинг ушбу омиллар таъсиридаги иш стажи кўрсатилади. -Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида тиббий кўрикни ўтказувчи даволаш-профилактика муассасасининг раҳбари томонидан ҳудудий ДСЕНМ билан келишилган ҳолда мазкур Низомнинг 5-иловасида келтирилган шаклга мувофиқ ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтказишнинг календар режаси тузилади.  

Ш. Абдурахмонов,

Избоскан тумани адлия бўлими бошлиғи  

Улашинг: