Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Халқ қабули: Тадбиркорлар учун имкониятлар

Мамлакатимизда тадбиркорлик ва ишбилармонликни ривожлантириш, ишлаб чиқаришда хусусий сектор улушини янада ошириш долзарб масалалардан бўлиб қолмоқда. Тадбиркорликни янада равнақ топтириш учун бу тизим эгаларига ҳар томонлама қулайликлар яратиб берилмоқда.

Бир неча кундирки, Пойтуғ маданият ва истироҳат боғида туман ҳокими С. Исмоилов мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан тадбиркор ва ишбилармонларни, бу соҳада дастлабки қадамларини ташламоқчи бўлган фуқароларни қабул қилиб, юзма юз мулоқот чоғида уларни қийнаётган муаммолар борасида мурожаатларини тингламоқда. Муаммоларнинг аксарияти ўз ўрнида ҳал этилиши билан мурожаатчиларни ҳушнуд этаётган бўлса, айримлари белгиланган муддатда ҳал этилиши қатъий назоратга олинмоқда, уни бажарувчи мутасадди аниқ белгиланмоқда.
Туман ҳокими қабулида бўлиб, муаммолари билан мурожаат қилган тадбиркорлар қуйидаги фикрларини билдирдилар:

Мохинур Қўлдошева,
Лўғумбек қишлоғи.
-Мен фаолиятимни янада кенгайтириш учун Лўғумбекдаги собиқ МТП биносини сўрадим. Лекин бу бино МИБ томонидан қарздорлик учун тақиққа қўйилган экан. Уч кун ичида қандай ҳал қилиниши тўғрисда жавобини оладиган бўлдим.

Шаҳноза Мўйинова,
Гуркиров қишлоғи.
-Қишлоғимизда дорихона қуришни режалаштирганман. Бунинг учун ер зарур. Мен ҳокимимиз қабулида бўлиб, муаммоларимни айтдим. Агар ер ажратилса ҳамқишлоқларимнинг оғирини енгил қилишимни, бўш ишчи ўринлари яратишини билдирдим. Менинг мурожаатимни ҳал этиш туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастрига топширилди ва уч кун ичида ҳал қилишини лозимлиги тайинланди.

Мухиддин Қўчқоров,
Яккатут қишлоғи.
-Анчадан буён «Фитнес клуб» очиб, тадбиркорлик қилишни кўзлаб юрибман. Бунинг учун алатта ер ва кредит зарур. Барча тадбиркорлар қатори мен ҳам туман ҳокимининг қабулида бўлиб, ер ва кредит олиш масаласида мурожаат қилдим. Менинг бу сўровимга туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри ва Агробанк туман филиали аниқ муддат ичида жавоб берадиган бўлишди.

Матлубахон Тоштемирова,
Пойтуғ шаҳри.
-Бир неча ғояларни ўйлаб кўрдим. Охири «Мазар маркази» ва Кафетерий ташкил қилиш билан тадбиркорликни йўлга қўймоқчи бўлдим. Албатта бунинг учун ер керак. Лойиҳаларимни тайёрлаб қўйдим. Ўйлайманки, мурожаатимга ижобий жавоб оламан.
Бугун тадбиркорлик йўлини танлаганларга ҳар томонлама ёрдам берил­я­пти. Фақат аниқ мақсад, янги ғоялар, интилиш, изланиш керак.

М. МИРЗААБДУЛЛАЕВ

Улашинг: