Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Коррупция– тараққиёт кушандаси

Коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш.

(“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддаси)

Маълумки, коррупция муаммоси ва унга қарши кураш масаласи ҳозирги даврнинг энг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланмоқда. Зотан бу иллатнинг кенг қулоч ёйиши ўта салбий оқибатларга олиб келиб, демократик жараёнларнинг амалга ошишига тўсқинлик қилади. Шунингдек, коррупция иқтисодий ривожланишнинг секинлашиши, кадрлар сифатининг пасайиши ва оқибатда барча соҳаларнинг оқсашига, уюшган жиноятчиликнинг илдиз отишига, ҳукуматга бўлган ишонч йўқолиши ва ижтимоий-сиёсий беқарорликка олиб келади.

Шу боис ҳам шу йилнинг 5 март куни Президентимиз Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича амалга оширилган ишларга баҳо бериб, келгусидаги вазифаларни аниқ белгилаб бердилар ва “Судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш – бу одил судловга соя солиш деб баҳоланиши” ҳамда бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлиши ҳақида барчани огоҳлантирдилар.  Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллигига бағишланган тантанали тадбирда ҳам давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистонни барпо этишда асосий эътиборни бешта устувор йўналишга қаратиб, улардан бири сифатида коррупциядан холи, адолатли суд тизимини яратиш масаласини давлат сиёсати даражасида мустаҳкамлаб қўйганди.

Шу ўринда, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада ошириш ҳамда суд ҳокимияти тизимида коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашишни самарали йўлга қўйиш бўйича “инсон-жамият-давлат” тамойили асосида изчил ишлар олиб борилмоқда. Суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига риоя қилиш, судларни моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Судларни кадрлар билан таъминлаш ҳамда уларни жой-жойига қўйишда коррупциявий омилларнинг олдини олиш мақсадида Олий суд ва қуйи судларда кадрлар захирасини шакллантириш, номзодларни очиқ танлаш ҳамда лавозимларга тайинлаш механизмлари такомиллаштирилиб, ҳар бир номзодни комплекс ўрганиш тартиб-таомили йўлга қўйилди. Суд ходимлари томонидан сансалорлик, бюрократизм ва турли суиистеъмолчиликларга барҳам бериш, судларда ишларнинг ўз вақтида кўрилишини назорат қилишнинг самарали тизимини яратиш мақсадида соҳани рақамлаштиришга эътибор қаратилиб, коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш ва инсон омилини сезиларли даражада қисқартиришга эришилди.

Олий суднинг расмий веб-сайтида коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериш учун мўлжалланган алоқа каналлари тўғрисида маълумотлар жойлаштирилди.  Коррупцияга қарши ички назорат гуруҳига онлайн хабар юбориш учун махсус платформа ишга туширилди.

Ўзбекистон 2008 йил 7 июлда БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш конвенциясига, 2010 йил март ойида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига (2003 йил 10 сентябрь) қўшилган. Шунингдек, Олий Мажлис томонидан Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи тўғрисидаги битими (Москва, 2011 йил 16 июнь) 2011 йил 13 декабрда ратификация қилинган.

Коррупция билан боғлиқ жиноятчиликнинг хавфсизлик ва жамият тараққиётига соладиган қуйидаги таҳдидлари мавжуд: Даставвал, сиёсий жиҳатдан олганда, коррупция амалга оширилаётган ислоҳотларга қаршилик кўрсатиш ифодасидир. Унинг тузоғига тушган амалдорлар шахсий бойлик орттириш мақсадларини ва уруғ-аймоқларнинг манфаатларини давлат манфаатларидан устун қўяди. Бу ўз навбатида мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий йўлига ҳамда аҳолининг аксарият қисмига тузатиб бўлмайдиган зарар етказади. Жиноятчилик ва коррупциянинг авж олиши давлатнинг конституциявий асосларини емиради, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини жиддий тарзда бузилишига олиб келади. “Қонунлар ва фармонларни қабул қилишдан мақсад уларни четлаб ўтишдир”, деган мутлақо ярамас қоида жамиятнинг энг оддий ҳуқуқий тартибот ва жамоат тартибини сақлаб туриш қобилиятидан маҳрум бўлишига олиб боради. Ҳамда жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларини емириб, жамият аъзоларининг фуқаролик мавқеини йўққа чиқаради. Амалга оширилаётган ўзгаришларга салбий муносабат вужудга келиши учун шароит яратади.

Ислоҳотлар даврининг муайян қийинчиликлари шароитида фуқаролар онгида, айниқса, ёш авлоднинг бир қисмида, ҳаётда юксак турмуш даражасига эришишнинг асосий усули қонунга хилоф фаолият билан боғлиқ, деган мутлақо ахлоққа зид нуқтаи назар шаклланиши ва қарор топиши мумкин. Ҳокимият органларининг жиноятга аралашиб қолиши ривожланаётган жамият учун энг жиддий хавф-хатарлардан биридир. Жиноий тузилмаларнинг давлат органлари амалдорлари билан чатишиб кетиши, уларнинг турли ҳокимият тармоқларига кириб олиши жамоатчилик наздида фуқароларнинг ҳимоясизлиги ҳиссини кучайтиради. Давлатнинг ўзини обрўсизлантиради. Мамлакат ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам унга ишончсизлик ортиб боради.

Нопок йўл билан бойлик орттирганлар жазодан қутулиб қолиш ва ўзларининг жиноий сармояларини ҳимоя қилиш учун ҳар қандай хатти-ҳаракатларга тайёр турадилар. Улар адолатли жазодан қўрқиб, ҳамма ишни қилишга, ҳатто вазиятни беқарорлаштиришга, оммавий тартибсизликларни келтириб чиқаришга шай турадилар. Бундай пайтда эҳтиросларни жунбушга келтириш, оломонни қўзғатиш ва унинг орқасига яшириниб олишдан қулайи йўқ. Яна жиноий усуллар билан бойлик ва мўмай пул орттирган кимсаларнинг янги ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳатто демократия учун жафо чеккан курашчилар сифатида сиёсатга кириб олишга ҳаракат қилаётганидан далолат берувчи мисоллар оз эмас. Жаҳон хўжалик алоқаларига фаол интеграциялашув, чет эл инвестициялари ва тадбиркорларини иқтисодий ўзгаришлар жараёнига тортиш соҳасидаги аниқ мақсадга қаратилган фаолият Ўзбекистон учун устувор вазифалар ҳисобланади.

Бу мақсадларни рўёбга чиқариш шароитида коррупциячиларнинг хатти-ҳаракатлари нафақат мамлакатимизнинг ҳалол фуқароларини тадбиркорликдан четлатади, балки чет эллик шерикларда ишончсизлик уйғотади ва уларни чўчитиб қўяди. Натижада мамлакат ғоят муҳим капитал маблағлар манбаидан, технологиялар ва тажрибадан, жаҳон иқтисодий тизимининг соғлом, соф қисмига қўшилиш имкониятидан маҳрум бўлади. Бундай мамлакат халқаро хуфия ва жиноий тузилмалар тобора кўпроқ қизиқадиган ва фаол иш олиб борадиган макон бўлиб қолади. Шу боис бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев: “Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур” лигини қайта-қайта уқтириб, “Халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтиришни биз биринчи даражали вазифамиз ҳисоблаймиз” деб, таъкидламоқда.

Ана шу мақсадда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 24 ноябрда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2016 йил 13 декабрда маъқулланган, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 3 январда имзоланган ва 2017 йил 4 январда матбуотда эълон қилинган бўлиб, 6 боб, 34 моддадан иборат.

Коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

— қонунийлик;

— фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;

— очиқлик ва шаффофлик;

— тизимлилик;

— давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги;

— коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги; — жавобгарликнинг муқаррарлиги.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизнинг келажагини ва обрў-эътиборини қадрлайдиган ҳар бир виждонли фуқаро бу таҳдидни эсда тутмоғи унга қа рши курашда қатъий позицияда бўлиши, жиноятчилик ва коррупция йўлига ўз вақтида зарур тўсиқ қўйишда бор имкониятларини ишга солмоғи даркор.

Сардорбек Ахматжонович Рустамов,

Андижон туманлараро Иқтисодий суди раиси  

Улашинг: