Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ИЗБОСКАН ТУМАН ПРОКУРОРИ Д.У.УСАНОВНИНГ ИЗБОСКАН ТУМАНИ АҲОЛИСИГА ПРОФИЛАКТИК МУРОЖААТИ

ИЗБОСКАН ТУМАН ПРОКУРОРИ Д.У.УСАНОВНИНГ ИЗБОСКАН ТУМАНИ АҲОЛИСИГА ПРОФИЛАКТИК МУРОЖААТИ

Ҳурматли Избосканликлар ва туманимиз меҳмонлари!  

Хабарингиз бор, муҳтарам Президентимизнинг ва  ташаббуслари ва топшириқлари билан жорий йилдаги ПҚ — 1 — сонли ва ПҚ — 111 — сонли қарорлари ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича ўтказилган йиғилишда берган топшириқлари асосида маҳаллада хавфсиз муҳитни яратиш ва жиноятни барвақт олдини олиш юзасидан туманимиздаги маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга қаратилган мутлақо янги механизм асосида бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни содир этишга сабаб бўлаётган муаммоларни тизимли ҳал этиш ҳамда аҳолида шахсий хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида ҳам самарали тадбирлар ташкил этилмоқда.

Ҳар бир масъул идора ва муассаса томонидан, криминоген вазият оғир маҳаллаларга жойига чиққан ҳолда мақсадли ўрганишларни ўтказиш орқали ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлаётган асл омилларни аниқлаш, ёшлар, аёллар ва ишсизлар томонидан, айниқса, оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этиладиган жиноятларнинг олдини олиш ва бу турдаги жиноятларни содир бўлишига бутунлай барҳам бериш бўйича бир қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Аҳолининг ҳуқуқий онги, ижтимоий фаоллиги ва фуқаролик масъулиятини ошириш, жиноят содир этилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишга жамоатчилик вакиллари, нуронийлар ва маҳалла фаолларини кенг жалб этган ҳолда мутасадди раҳбарлар томонидан сайёр қабуллар, учрашувлар ташкил этилмоқда.

Шу билан бир қаторда, маҳаллаларда, жамоат жойларида ва яшаш хонадонларда хавфсиз муҳит яратиш, фуқаролар ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига ҳар қандай тажовузларнинг олдини олиш мақсадида замонавий рақамли технологиялар ва техник воситалар кенг жорий этилмоқда.

Жумладан, аҳоли гавжум жойларга, таълим муассасаларига, маҳаллаларга, бозор ва савдо дўконларига замонавий кузатув камералари, ташвиш тугмалари, домофонлар ўрнатилиб, “хавфсиз кўча” ва “хавфсиз йўлак”лар ташкил этилди.

Хонадонларни техник қўриқловга олиш жадал суръатларда олиб борилмоқда. 

Ёки, жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб хавфсизлик чоралари сифатида “Тиғ” тадбирлари кучайтирилган ҳолда ўтказилиб келиниши натижасида 700 нафардан зиёд фуқароларимиз ўзга шахсларга тан жароҳати етказиши мумкин бўлган совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган таъқиқланган ашёларни бемақсад олиб юрганликлари аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди.

Жамоат жойларида спиртли ичимлик ичган 3000 нафардан ортиқ фуқароларга маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Майда безорилик содир этган 650 нафардан ортиқ шахсларга нисбатан маъмурий ишлар қўзғатилди.

Шу билан бирга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш мақсадида 305 маротаба (121 маротаба вояга етмаганлар, 146 маротаба хотин-қизлар, 8 маротаба тарбияси оғир, 30 маротаба пробация ҳисобидан турган шахслар билан) манзилли профилактик тадбирлар ўтказилган.

Худди шунингдек, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш мақсадида 11679 маротаба профилактик тадбирлар ўтказилган бўлса, 482 маротаба “оғир тоифадаги”, 220 маротаба                  касб-ҳунарга ўқитиш, 213 маротаба чет тилларни ўргатиш, 1161 маротаба бандлигини таъминлаш, 7380 маротаба бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, 232 маротаба маиший муаммоларини ҳал қилиш, 570 маротаба бошқа тадбирлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, 3 нафар ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, 3 нафар боқувчисини йўқотган, 22 нафар тарбияси оғир ўқувчилар билан манзилли тадбирлар ўтказилиб, 20 нафарининг муаммолари ижобий ҳал этилди.

Мактаб ўқувчиларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш мақсадида тумандаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари иштирокида 215 маротаба тарғибот учрашувлари ҳамда уларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича 17 маротаба учрашувлар ўтказилди.

Криминоген вазияти оғир маҳаллаларга жойига чиқиб ўрганилганда, 1942 нафар ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизлардан 2202 нафарининг муаммолари ижобий ҳал этилиб, 2301 нафар фуқаронинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича чоралар кўрилди.

Ишсиз шахсларнинг 709 нафари ишга жойлаштирилди, 51 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 27 нафари эса касбга йўналтирилди ва 12 нафар фуқаролар Ташқи миграция агентлиги орқали ривожланган чет давлатларга ишлаш учун юборилди.

Муқаддам судланган ва маъмурий назоратда турган 460 нафар шахсларнинг яшаш турмуш тарзи ўрганилиб, улардан 26 нафар ишсизларининг бандлиги таъминланган бўлса, 413 нафарининг ижтимоий муаммолари ҳал этилди.

Ўтган давр мобайнида маҳалларда содир этилган олди олиниши мумкин бўлган 70 та жиноятларнинг барчаси жойига чиқилиб жамоатчилик вакиллари иштирокида танқидий муҳокама қилинди.

Ўғирлик жинояти содир этилган 5 та “қизил” ва 14 та “сариқ” тоифадаги маҳаллаларда жойлашган савдо-маиший хизмат кўрсатиш объектларини қўриқлаш хизматига топшириш юзасидан 40 нафар фуқароларнинг аризалари олинди.

Тунги вақтларда жиноятларни олдини олиш мақсадида 39 та ички йўллар, 39 та йўлаклар ва 47 та кўчалар тўлиқ ёритилди.

Киссавурлик жинояти содир этилишини олдини олиш мақсадида  бозорлар, савдо комплекслари, савдо дўкон ва расталарига 44 та техник воситалар, 22 та кузатув камераси, 15 та ташвиш мосламаси ҳамда 1 та ташвиш тугмаси ўрнатилди.

Аҳолини фирибгарлик жинояти қурбонига айланишини олдини олиш мақсадида уларни бу каби жиноятларнинг янги турлари ва уларнинг содир этиш усуллари ҳақида огоҳ қилиш ҳамда улардан ҳимоялаш мақсадида
295 маротаба профилактик тадбирлар ўтказилди.

Маҳалланинг ваколатли масъул шахслари тўғрисидаги маълумотлар 507 та кўчага, 405 та жамоат жойларига, 102 та савдо дўконларига пешлавҳалар орқали жойлаштирилди.

Избоскан туманидаги М.Улуғбек маҳалласида 1 та ҳуқуқ-тартибот маскани қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди.

Олиб борилаётган профилактик тадбирлар давомида 13626 та объектларда шундан, 12.671 та хонадон, 568 та савдо дўкони, 210 та маиший хизмат кўрсатиш шоҳобчаси, 8 та кафе, бар, 34 та идора ва ташкилот, 138 та бошқа жамоат жойлари хатловдан ўтказилди.

Маҳаллаларда фуқароларни огоҳликка чақирувчи “Ҳудуд камера назоратида!”, “Объект қўриқловда!” ва “Хонадон қўриқловда!” каби 846 та стикерлар жойлаштирилди.

Маҳаллалардаги аҳоли гавжум жойлар ва кўчаларига 506 дона видеокузатув камералари, кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларига 18 дона
PTZ-камералари, маҳаллаларнинг асосий кириш-чиқиш жойларига ҳамда савдо ва бозор марказларига 163 дона юзни ва авторақамларни таниб олувчи камералар, маҳаллалардаги мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг кириш-чиқиш жойларига 93 дона PTZ-камералари, маҳаллалардаги мактабларнинг очиқ спорт майдонларига 29 дона
PTZ-камералари ўрнатилди.

Маҳаллалардаги кўп қаватли уйларнинг эшикларига 180 дона замонавий домофон комплекслари, маҳаллалардаги кўп қаватли ва якка тартибдаги хонадонларни, маҳаллалардаги кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклари олдига 17 та ташвиш тугмалари ўрнатилди, маҳаллалардаги кўп қаватли ва якка тартибдаги хонадонларни 180 таси ҳамда маҳаллалардаги савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектларидан 86 таси қўриқлаш хизмати томонидан техник қўриқловига олинди. 

Маҳаллаларда 77 та “намунавий хавфсиз кўча”лар ҳамда 195 та “намунавий хавфсиз йўлак”лар ташкил этилди.

Бироқ, минг афсуски, туманимизда ўтган шу даврга нисбатан фуқароларимиз томонидан тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятлар содир этилгани, бу турдаги жиноятлар оиладаги маиший муаммолар, арзимас сабаб, қўни-қўшни, таниш-билишлар ўртасида ўзаро келишмовчилик замирида келиб чиқаётганлиги, жиноятларни эса ёшлар, ичкиликка ружу қўйган шахслар томонидан содир этилаётгани, ажрим ёқасига келиб қолган, низоли ва жанжалкаш оилаларда кўплаб учраётганлиги жиддий ташвишга солмоқда.

Шу сабабли азиз фуқаролар, бу каби жиноятларни содир этилиши имкон яратиб бераётган омилларни, ён атрофингиздаги ҳулқи бузилган ёки жиноят содир этишга мойиллиги бўлган шахсларни беэътибор қолдирмаслигингизни сўраб қоламан.

Зеро, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида қадрланар экан, унинг ҳаёти ва соғлиғига қарши қилинган ҳар қандай тажовуз жиноий жавобгарлик сифатида баҳоланиб, бу қилмиш учун жазонинг муқаррарлиги таъминланади.

Ҳурматли фуқаролар!

Яна бир муҳим масала бугунги кунда глобал ахборот майдонида кибер макон билан боғлиқ янгидан-янги таҳдидлар юзага келмоқда.

Шу боис виртуал оламдаги ҳужумлардан ҳимояланиш дунё ҳамжамиятини жиддий ташвишга солмоқда.

Афсуски, ўтказилган таҳлиллар бизни туманимизда кибержиноятдан ҳоли ҳудудга айлантиришда ҳам жиддий тўсиқлар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Айниқса, фуқароларимизнинг ишонувчанлиги, соддалигидан фойдаланиб, уяли алоқа телефонларига ҳаккерлар томонидан юборилаётган СМСлар, телефон қўнғироқларига жавоб беришлари, уларга фуқароларимиз шахсига оид маълумотларини бераётганликлари, хаккерларга пластик карталаридаги пулларини ечиб олинишига шароит яратиб бераётганликлари, номларига кредит маблағлари олинишига ва сунъий қарздор бўлиб қолишларига сабабчи бўлаётганликлари, бу борада олиб борилаётган тарғиботларга беътибор бўлаётганликлари бизни хавотирга солмоқда.

Бу ҳолатлар ўз навбатида, фуқароларимизга моддий  зарар етишига, ушбу турдаги жиноятлар сони ортиб боришига сабаб бўлмоқда.

Шунга кўра, кибержиноятлар қурбони бўлмаслик учун шахсий маълумотларингизни сир сақлашингизни, уяли алоқа телефонингизга келаётган ҳар хил СМС хабарлар ва телефон қўнғироқларига эҳтиёткорлик билан жавоб беришингизни, кибержиноятларни олдини олишга қаратилган ижтимоий тармоқларда берилаётган огоҳлантирувчи тарғиботларга жиддий эътибор қаратишингизни, агарда киберҳужумлар бўлганида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишингизни сўрайман.

Шундай экан аҳоли ва кенг жамоатчиликни жиноятларни
олдини олишга ҳамда уларни бартараф этишга фаол ҳамкорликка чақираман.

 

 

 

Улашинг: