Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ҚИНҒИР ИШНИНГ ҚИЙИҒИ ЧИҚДИ

ҚИНҒИР ИШНИНГ ҚИЙИҒИ ЧИҚДИ

Пахтаобод тумани прокуратураси томонидан аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ўрганишлар давомида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган экин ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаш, ноқонуний қурилмалар қуриб олиш ҳолатлари аниқланиб, қўпол қонунбузилишлари юзасидан 33 та жиноят ишлари қўзғатилган.

Соҳавий фаолиятда асосий эътибор қонунбузилишларнинг олдини олиш ҳамда профилактика қилиш, шунингдек, содир этилган қонунбузилишларининг оқибатларини бартараф қилишга қаратилган.

Хусусан, туман прокурори Х.Юсупов томонидан тумандаги ҳар бир массивда фаолият олиб бораётган фермер, деҳқон хўжаликлари эгалари ҳамда маҳалла раислари ва фаоллар билан учрашиб, экин ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ва қурилиш ишларини қонунга хилоф равишда амалга оширганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида жавобгарлик назарда тутилганлиги тушунтирилиб, огоҳлантирув-профилактик мурожаатлар қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қарори 1-бандида ер участкаларини хусусийлаштириш Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари томонидан уларга доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини сотиб олиш, шунингдек, ер участкаларини электрон онлайн-ауксион орқали сотиш йўли билан амалга оширилиши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 08.06.2021 йилдаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-6243-сонли Фармонида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиниши белгиланган.

Шунга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва мўлжалланмаган ер майдонларини хусусийлаштириш фақат онлайн электрон аукцион савдолари орқали амалга оширилишини ҳар бир фуқаро билиши муҳим ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 44-моддасида суғориладиган ерларни қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадлар учун, шу жумладан саноат ва фуқаролик объектлари (бинолар ва иншоотлар) қурилиши учун, шунингдек унумдор тупроқ талаб этилмайдиган илғор технологияларнинг (гидропоника ва бошқалар) янги усуллари қўлланиладиган иссиқхоналар қурилиши учун ажратишга йўл қўйилмаслиги қайд этилган.

Шунга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган экин ер майдонларида қонунга хилоф равишда қурилиш ишларини амалга оширганлик учун бир нечта фуқаролар қонун олдида жавоб берганлигини кўришимиз мумкин.

Масалан, Пахтаобод туманида яшовчи фуқаро Ў.А. таниши М.Р. га 0,06 гектар экин ер майдонини ноқонуний равишда сотганлиги учун Жиноят ишлари бўйича Пахтаобод тумани судининг ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 30 млн. сўм жарима жазоси тайинланган. Шунингдек, фуқаро М.Р. эса суғориладиган ер майдонига уй-жой қуриш учун ҳеч қандай ҳужжатлари йўқлигини билгани ҳолда, ушбу ер майдонининг
0,03 гектарига 3 хонадан иборат уй-жой қуриб, атрофини девор билан ўраб олиб қонунга хилоф равишда қурилиш ишларини амалга оширганлиги, оқибатда 81 балл бонитетли 0,06 гектар ер майдонини қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқарилишига ва 37.883.583 сўм миқдорида моддий зарар етказилишига сабабчи бўлганлиги сабабли, суд томонидан унга 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Юқорида келтирилганлардан хулоса қилишимиз мумкинки, ҳар бир қилинган қинғир ишнинг қийиғи чиқиб, уни содир этувчиларга жазо муқаррар.

М.Хайдаров,

Андижон вилояти прокуратураси 11.1-бўлим прокурори

Б.С.Сотволдиев,

Пахтаобод тумани прокурори ёрдамчиси

 

Улашинг: