Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш

Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш: суд-ҳуқуқ жараёнларида янги ёндашувлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Коммуникациялар департаменти томонидан “2026–2030 йилларда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини аҳолининг кенг қатламига тушунтириш юзасидан коммуникацион режа” тасдиқланиб, амалиётга жорий этилди. Ушбу стратегик ҳужжат болалар ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, уларни ҳар қандай зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаб беради.

Стратегия доирасида болалар билан боғлиқ суриштирув, тергов ва суд жараёнларини инсонпарвар, бола манфаатларига мос ҳолда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, зўравонликдан жабр кўрган ёки зўравонликка гувоҳ бўлган болаларнинг процессуал ҳаракатларда иштирок этиши масаласида янги, замонавий ёндашувлар жорий этилмоқда.

 Боланинг ҳуқуқ ва манфаатлари — устувор тамойил.

Амалдаги қонунчилик ва халқаро стандартларга мувофиқ, бола суд-ҳуқуқ жараёнларида иштирок этар экан, унинг руҳий ҳолати, ёши, жинси ва индивидуал хусусиятлари инобатга олиниши шарт. Янги ёндашувлар айнан шу тамойилларга асосланиб, боланинг такроран руҳий жароҳат олишининг олдини олишга қаратилган.

Зўравонликдан жабрланган болалар ҳамда зўравонлик ҳолатларига гувоҳ бўлган болалар тегишли процессуал ҳаракатларга жалб этилган пайтдан эътиборан уларга қўшимча кафолатлар жорий этилади. Жумладан, бола билан суҳбатлар махсус тайёргарликдан ўтган мутахассислар иштирокида, болага қулай ва хавфсиз муҳитда ўтказилиши таъминланади.

Тергов ва суд жараёнларида “болага дўстона муҳит”

Стратегия доирасида жорий этилаётган муҳим янгиликлардан бири — тергов ва суд жараёнларида “болага дўстона муҳит”ни яратишдир. Бу дегани, бола процессуал ҳаракатлар пайтида қўрқув, босим ёки ноқулайлик ҳис қилмаслиги керак.

Шу мақсадда:

  • болалар учун алоҳида жиҳозланган хоналардан фойдаланиш;
  • аудио ва видеоёзувлар орқали бир маротабалик сўров амалиётини қўллаш;
  • болани суд мажлисига такроран чақиришни чеклаш;
  • психолог ва педагоглар иштирокини таъминлаш каби чоралар амалга оширилади.

Бу ёндашувлар боланинг ҳақиқий кўрсатмалар беришини осонлаштириш, шу билан бирга унинг руҳий саломатлигини асрашга хизмат қилади.

Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш — бу фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки суд тизимининг вазифаси эмас, балки бутун жамият олдидаги масъулиятли бурчдир. 2026–2030 йилларга мўлжалланган стратегия доирасида суд-ҳуқуқ жараёнларида бола манфаатларини устувор қўйиш, инсонпарвар ва адолатли тизимни шакллантириш йўлида муҳим қадамлар қўйилмоқда.

Мазкур ёндашувлар болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг келажагини асраш ва соғлом жамиятни барпо этишга хизмат қилади.

А.С.Назирбеков,

Жиноят ишлари бўйича

Избоскан туман судининг раиси                                                                                                              

 

 

Улашинг: