Судларда интерактив хизматлар: Коррупция хавфини камайтиришда самарали ечим
Сўнгги вақтларда суд тизимида рақамли технологияларни жорий этиш фуқароларга қулайлик яратиш билан бирга, коррупция хавфини камайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Судларда интерактив хизматларнинг кенг жорий этилиши инсон омилини қисқартириш, шаффофликни таъминлаш ва ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга қаратилган.
Интерактив хизматлар орқали фуқаролар судга мурожаат қилиш, ариза ва ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этиш, иш юритиш жараёнини онлайн кузатиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу эса барча жараёнларни очиқ ва ошкора тарзда амалга оширишга хизмат қилади.
Хизматларнинг онлайн шаклда кўрсатилиши орқали фуқаро ва мансабдор шахс ўртасидаги бевосита алоқа сезиларли даражада камаяди. Натижада субъектив ёндашув, ноқонуний келишувлар ва коррупциявий ҳолатлар учун имкониятлар чекланади.
Электрон хизматлар ҳужжатларни ортиқча талаб қилиш, қоғоз шаклидаги иш юритиш ҳамда идорадан идорага юришлар сонини қисқартиради. Бу нафақат вақт ва маблағни тежайди, балки фуқаролар учун қўшимча қийинчиликларни бартараф этади.
Бугунги кунда суд хизматларининг катта қисми электрон шаклга ўтказилган бўлиб, минглаб фуқаролар мазкур хизматлардан фойдаланмоқда. Электрон мурожаатлар орқали ишларни кўриб чиқиш муддатлари қисқариб, фуқароларнинг вақт тежамкорлиги таъминланмоқда. Ушбу кўрсаткичлар инфографика ва очиқ статистик маълумотлар орқали жамоатчиликка тақдим этилмоқда.
Судларда интерактив хизматларнинг жорий этилиши коррупцияга қарши курашишда самарали механизм ҳисобланади. Шаффоф, очиқ ва рақамлаштирилган суд тизими фуқароларнинг судга бўлган ишончини оширишга, қонунийлик ва адолатни таъминлашга хизмат қилади.
А.ИСАКУЛОВ,
АНДИЖОН ВИЛОЯТ МАЪМУРИЙ СУДИНИНГ СУДЬЯСИ
