Одил судлов — қонунийлик ва адолат кафолати
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар судларнинг очиқлиги, шаффофлиги ҳамда одил судловни таъминлашга хизмат қилмоқда. Бу жараёнда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Жиноят ишлари бўйича Избоскан туман суди томонидан 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида одил судловни таъминлаш, қонун устуворлигини қарор топтириш ҳамда аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш йўналишида салмоқли ишлар бажарилди.
Ҳисобот даврида суд томонидан 285 нафар шахсга нисбатан 215 та жиноят иши кўриб тамомланди. Шундан 214 нафар шахсга нисбатан айблов ҳукми чиқарилиб, жиноятнинг хусусияти, шахснинг айби ва қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда қонун талабларига мувофиқ жазолар тайинланди. Хусусан, 48 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш, 66 нафар шахсга озодликни чеклаш, 71 нафар шахсга мажбурий жамоат ишлари, 2 нафар шахсга ахлоқ тузатиш ишлари ҳамда 27 нафар шахсга жарима жазоси қўлланилди.
Суд амалиётида инсонпарварлик тамойилларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳисобот даврида 51 нафар шахсга нисбатан юритилган жиноят ишлари тамомланиб, улардан 50 таси тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан, яна битта иш эса Жиноят-процессуал кодексининг тегишли нормаларига асосан тугатилди.
Жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларга имкон яратувчи шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган профилактик чоралар ҳам изчил давом эттирилди. Шу мақсадда суд томонидан кўриб чиқилган жиноят ишларининг 91,1 фоизи, яъни 196 таси бўйича хусусий ажримлар чиқарилди. Бу эса ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва масъул ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.
Суд муҳокамаларининг очиқлиги ва аҳоли ўртасида ҳуқуқий онгни юксалтириш мақсадида 75 та жиноят иши сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди. Бундай амалиёт фуқароларда қонунга ҳурмат туйғусини шакллантириш, ҳуқуқий тарбияни кучайтириш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар соҳасида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилди. Ҳисобот даврида 2622 нафар шахсга нисбатан 3611 та маъмурий иш кўриб чиқилди. Натижада 2898 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўлланилди, 1308 нафар шахсга оид ишлар қонунчилик талабларига мувофиқ тугатилди. Шунингдек, 662 та маъмурий иш ёки қарийб чорак қисми сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.
Суд қарорларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилиши қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Шу муносабат билан ижро ҳужжатларини ўз вақтида Мажбурий ижро бюросига юбориш ва уларнинг ижросини назорат қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳисобот даврида жиноят ишлари бўйича 47,9 миллиард сўмдан ортиқ маблағни ташкил этувчи 180 та ижро ҳужжати ижро учун юборилди. Уларнинг муайян қисми ижроси таъминланган бўлса, қолганлари белгиланган тартибда ижро жараёнида давом этмоқда.
Маъмурий ишлар бўйича эса 3,6 миллиард сўмлик 1975 та ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюросига юборилди. Суд томонидан мазкур ижро ҳужжатларининг ижросини мониторинг қилиш, уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича ҳам тегишли чоралар кўрилмоқда.
Ҳуқуқий тарғибот ва аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ишлари ҳам суд фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида оммавий ахборот воситалари орқали 34 та ҳуқуқий тарғибот тадбири амалга оширилди. Жумладан, телевидениеда 6 та, радиода 5 та, газеталарда 5 та, интернет сайтларида 16 та чиқиш ташкил этилди. Шунингдек, аҳоли билан 67 та оғзаки ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.
Умуман олганда, Жиноят ишлари бўйича Избоскан туман судининг 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти одил судловни таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган тизимли ишлар изчил давом этаётганини кўрсатади. Келгусида ҳам суд томонидан қонун талабларини сўзсиз таъминлаш, суд қарорларининг сифатини янада ошириш, профилактика ва ҳуқуқий тарғибот ишларини кенгайтириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилади.
А.С.Назирбеков,
Жиноят ишлари бўйича
Избоскан туман судининг
раиси
