Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Туман Кенгашининг биринчи сессияси

16 январь куни Олтинчи чақириқ халқ депутатлари Избоскан тумани Кенгашининг биринчи сессияси бўлиб ўтди.

Унга 13-Лўғумбек сайлов округидан сайланган депутат Абдулхафиз Абдуллаев раислик қилди.
Сессия ишида туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.
Шунингдек, сессияда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов қатнашди.
24-Миллий қадрият сайлов округидан сайланган депутат Жавоҳир Неъматов сессия котиби этиб сайланди.
Сессия кун тартибига олтита масала киритилди.
1. 2019 йил 22 декабрда ўтказилган Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари сайлови якунлари бўйича туман сайлов комиссияси раиси А. Раҳимовнинг ахбороти.
2. Халқ депутатлари туман Кенгашининг Регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида.
3. Халқ депутатлари туман Кенгашига сайланган депутатларнинг партия гуруҳларини рўйхатга олиш.
4. Халқ депутатлари туман Кенгашининг доимий комиссияларини тузиш.
5. Андижон вилояти ҳокими томонидан туман ҳокими лавозимига тақдим этилган номзодни тасдиқлаш.
6. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари Қўшма мажлиси Маслаҳат Кенгаши аъзолигига номзодни тавсия этиш ҳақида.
Кун тартибидаги биринчи масала, VI чақириқ халқ депутатлари туман Кенгашига ўтказилган сайлов натижалари ҳақида туман сайлов комиссиясининг раиси Алишер Раҳимов ахборот берди. У сайлов Ўзбекистон қонунчилиги асосида бўлиб ўтганини ва 30 нафар сайланган депутат мақомини тасдиқлади.
Шундан сўнг халқ депутатлари туман Кенгашининг Регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги Низоми ҳақидаги қарор тасдиқланди.
Халқ депутатлари туман Кенгашига сайланган депутатларнинг қуйидаги партия гуруҳлари:
— Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан сайланган 14 нафар депутатдан иборат партия гуруҳи;
— Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан сайланган 5 нафар депутатдан иборат партия гуруҳи
— Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган 6 нафар депутатдан иборат партия гуруҳи;
— Ўзбекистон Ҳалқ демократик партияси ва Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган 5 нафар депутатдан иборат партия гуруҳи рўйхатга олинди.
Кун тартибининг навбатдаги масаласи муҳокама қилингач, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасига асосан Халқ депутатлари туман Кенгашининг қуйидаги таркибда 8 та доимий комиссияси тузилди:
1) Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича;
2) Қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича;
3) Ижтимоий-маданий со­ҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича;
4) Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари бўйича;
5) Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича;
6) Аграр ва сув хўжалиги, экология масалалари бўйича;
7) Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда ишлаш масалалари бўйича;
8) Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича.
Комиссиялар раислари этиб, депутатлар— Азаматжон Каримов, Абдулхафиз Абдуллаев, Азизилло Абдукаримов, Назирахон Қобулова, Абдураҳмон Мирзаев, Азизбек Даминов, Алишер Назиров, Ойистахон Мирзаевалар номзодлари тасдиқланди.
Кун тартибидаги ташкилий масала юзасидан Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўзга чиқди ва туман ҳокими лавозимига 27–Марказ сайлов округидан сайланган депутат Серобидин Позилжонович Исмоиловнинг номзодини халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида тасдиқлаш тўғрисидаги тақдимномасини билдирди.
Серобидин Позилжонович Исмоилов Избоскан туман ҳокими этиб бир овоздан тасдиқланди.
Серобидин Позилжонович Исмоилов сўзга чиқиб, билдирилган юксак ишонч учун вилоят ҳокимига ва халқ депутатлари туман кенгаши депутатларига миннатдорчилик билдирди. Бор куч ва билимини Ватан равнақи, халқ фаровонлиги йўлида сафарбар қилиб фидойилик ва садоқат билан хизмат қилишга ваъда берди.
Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари Қўшма мажлиси Маслаҳат Кенгаши аъзолигига туман Кенгашидан 5-Қўғай сайлов округидан сайланган депутат Қобулова Назирахон Қамариддиновнанинг номзоди тасдиқланди.
Шу билан олтинчи чақириқ халқ депутатлари туман Кенгашининг биринчи сессияси ўз ишини якунлади.

Улашинг: