Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Меъёр бўлгани яхши

Биз ўзбеклар саҳий, танти халқмиз. Азалдан топганларимизни яхши ниятлар билан тўй учун йиғамиз. Чунки, тўйлар халқимизнинг энг бахтиёр дамларининг тимсолидир.

Халқимизнинг энг яхши орзу-ниятлари, эзгу мақсадларида ҳам тўйга етиш, ўғил уйлаш, қиз чиқаришдек олий муддао мужассам. Нуронийларимизнинг айтадиган “Тўйларга етказсин”, “Топганинг тўйларга буюрсин”, “Хонадонингдан тўйлар аримасин” каби тилакларида олам-олам маъно, ҳикмат бор.
Биз азалий удумларимиз, тўйларимиз, бошқа маросимларимиз билан ҳар қанча фахрлансак ярашади. Афсуски, одамлар томонидан ўйлаб чиқилаётган расм-русумлар қадриятимизга айланиб қолган тўйлар моҳиятини ўзгартириб юбормоқда. Дабдабали тўй ўтказамиз, деб қарз олиб ортиқча исроф­гарчиликка йўл қўяётган оилалар кўпайиб боряпти. Тўйдан сўнг эса қарзни узишдаги қийичиликлар турли муаммоларни келтириб чиқармоқда. Баъзан эса ёш оилаларнинг ажралишигача олиб бормоқда. Жамиятимизда авж олаётган бу иллатнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. Ушбу Низом 2020 йил 1 январдан кучга кирди.
Тўй—бу юртимизнинг фаровонлиги, дастурхонимизнинг тўкинлиги белгиси ва миллий қадриятларимиз. Лекин ҳар бир нарсанинг ҳам ўз меъёри бор. Орзу,ҳавас, бахтни фақат дабдабали тўй ўтказиш билан боғламаслик даркор. Зеро тўйдан бошқа мақсадлар ҳам бор. Айтайлик, фарзандларимизнинг ўқиб илм олиши, спорт, мусиқа соҳаларида юксак чўққиларга эришиши, фарзандлар ва ўз соғлигимиз ҳақида қайғуришимиз—буларнинг барча-барчасига ҳам мақсад ва маблағ керак. Биз эса тўйдан ортсак фарзандларимизни ўқитамиз, тўй ўтгач—соғлигимиз ҳақида қайғурамиз. Йиллар давомида йиққан-терганимизни бир кунлик тўйга совуриб, исрофгарчиликка йўл қўямиз. Бу албатта қадриятларимизга путур етказади.
Ахир, икки-уч хонали уйга етадиган пули бўлса-да, фақат тўйдан орттиролмай кичкинагина ҳовлида сиқилиб яшаётганлар йўқ, деб ўйлайсизми? Тўй арафасида мебелнинг яхшироғи эмаслигидан “сен-менга” борган қудалар, ҳатто ажрашишга етиб борган ёш келин-куёвлар ҳам бор.
Бундай салбий ҳолатларга қарши курашиш ҳар биримизнинг бурчимиз. Топганимизни, вақтимизни фақат тўйларга эмас, балки бошқа орзу-ҳавасларга, интеллектуал салоҳиятли фарзандларни вояга етказишга сарфлашни ўрганайлик. Бунинг учун ҳамма МФЙларга тарқатилган тўй ва маросимларни ўтказиш меъёри бўйича кўрсатмаларни ўқиб, унга амал қилайлик.

Ёрқиной КОМИЛОВА,
туман ФҲДЁ бўлими мудири

Улашинг: