Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Зарар ҳаммага аччиқ…

Ўтган йил қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришда яхши натижаларга эришилди. Пахтачиликда кўплаб фермерларнинг кластер тизимига ўтиши ва уларни ўз вақтида минерал ўғит, ёнилғи мойлаш материаллар билан таъминланиши, фермер аъзоларига ўз вақтида иш ҳақлари бериб борилиши 2018 йилга нисбатан 27 минг тонна кўп пахта етиштириш имконини берди.

Бу йил ҳам ҳар йилгидан мўл-кўл пахта, ғалла етиштириш кўзланмоқда. Айниқса ғалла ҳосили учун давлат буюртмасининг босқичма-босқич бекор қилиниши, улар харид нархларининг бозор тамойили асосида белгиланиши фермер ва аъзолари даромадлари янада кўпайиб, турмуш шароитлари яхшиланишини юзага чиқаради.
Мана баҳор остонада турибди. Бироқ кластер тизимидаги фермер хўжалик­лари билан “Best textile international” МЧЖ ҳамда “Sohib omad barakasi” МЧЖ лар билан пахта хомашёси ва уруғлик харид қилиш бўйича контрактация шартномалари шартлари муддатида бажарилмаганлиги оқибатида фермерлар олдида бир қатор молиявий қийинчилик­лар юзага келяпти.
Қўлимизда туман ФХБХХЮ маркази директори А. Баҳромовнинг Андижон вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазири қабулхонаси мудири А. Араббоевга йўллаган алоқа хати.
Унда жумладан “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 июндаги ПФ-5755 сонли Фармонига асосан пахта хомашёси ишлаб чиқарувчилар 2019 йил ҳосилидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўлашга ўтказилди. Ушбу Фармон билан тумандаги пахта хомашёси етиштирган фермерлар ҳисобига сентябрь ойида 10 миллиард сўмдан ошиқ миқдорда қўшилган қиймат солиғи ҳисобланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 февралдаги ПК-3574 сонли қарорининг 2 банди 1-хатбошисида “пахта хомашёси ва бошоқли дон учун ҳисоб-китоблар ҳосил йиғиштириладиган йилнинг охиригача тўлиқ ҳажмда амалга оширилади” деб кўрсатилган ҳамда фермер хўжаликлари ва тумандаги кластер ташкилоти ўртасида тузилган контрактация шартномасининг 4,3 бандида якуний ҳисоб-китоб 2019 йилнинг 31 декабригача қадар тўлаб берилади”, деб ёзилган…
Шунингдек, алоқа хатида фермер хўжаликлари билан пахта кластери ўртасида тузилган контрактация шартномаси 2019 йил 31 декабрига қадар пахта хомашёси учун ҳисоб-китоб тўловлари амалга оширилмаганлиги ҳам қайд этиб ўтилган. Бунинг оқибатида солиқ органлари солиқ қарзи ундирувини суд идораларига чиқарса фермер хўжаликлари суд харажати учун ЭКИХнинг 1 баробари миқдоридаги пахта ва бошқа солиқ тўловларини 2019 йил декабрь ойида амалга оширмаганлиги учун 2019 йил якунига қадар пахта ҳосилидан ҳисобланган қўшимча қиймат солиғи қарзини ўз вақтида тўлолмайди. Мажбурий ижро бюроси томонидан қўлланиладиган ЭКИХнинг 15 баробари миқдоридаги жарималар жами 780 миллион миқдорида бўлиб, тумандаги пахтачилик фермер хўжаликларининг зарар кўришига олиб келиши мумкин. Бу зарарнниг олдини олиш учун 2019 йил учун истисно тариқасида солиқ органлари томонидан жорий йил учун пахта ҳосили учун қўшилган қиймат солиқ қарзини, солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш бўйича суд идораларига киритиладиган даъво аризасини 2020 йил 1 январгача тўхтатиб туришда амалий ёрдам бериш сўралган. Ушбу мурожаатни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг вилоятдаги қабулхонаси мудири А. Араббоев вилоят давлат солиқ бошқармасига ижобий ҳал қилиш учун юборган. Натижада ушбу мурожаат тўла қаноатлантирилган ҳамда вилоят давлат солиқ бошқармасининг бошлиғи биринчи ўринбосари Ф. Миржалиловнинг берган маълумотномасида фермер хўжаликларининг қўшилган қиймат солиғи бўйича 2020 йил 1 январь кунига қадар пеня ҳисобланиши бекор қилинган бўлиб, истисно тариқасида уларнинг солиқ қарзларини мол-мулкидан ундириш чоралари кўрилмаганлиги маълум қилинган.
Мана белгиланган муддат ҳам тугаб январь, февраль ойлари ўтиб боряпти. Бироқ шартнома шартлари тўлиқ бажарилмаяпти. Остонада баҳор турибди. Фермерлар зиммасида бу йилги пахта-ғалла ҳосилларини етиштириш, уларни экиш, ишлов ва озиқлантириш ишларига пухта тараддуд кўришдек масъулиятли вазифалар бор. Хоҳлаймизми йўқми, ҳамма нарса пулга, маб­лағга бориб тақалади. Бугунги ўтаётган ҳар бир кун пахта ҳосили пулини тўлалигича ололмай, солиқ ва хизмат кўрсатиш ташкилот, корхоналаридан, ишчиларидан бўлган қарзларини узолмай турган ҳар бир фермер учун минглаб сўмлаб пеня тўлаш жараёнидаги қарзларни кўпайтирмаяптими? Ана шу савол туғилиши табиий. Зарар ҳаммага аччиқ… Кластер тизимидаги бундай аҳволнинг юзага келиши фаолият олиб бораётган кластер тизимига бўлган фермерларнинг ишончини йўқотиб қўймаслиги даркор. Зеро шартнома қонун, уни бажариш шарт.
Бугунги фермер кечаги фермер эмас. У колхозлар, ширкатлар, жамоа хўжаликлари даврида ҳар ўн беш кунда ун, ўн беш кунда пул ва йил охирида бузоқ ёки сигир сотиб олишга яраша вақтида даромад олиб юрган ва улар учун дала шийпонида иссиқ овқати мунтазам, болалар боғчаси, телевизор, газета-журнал, китоб дўкончалари мавжуд бўлган шароитда яшаб меҳнат қилган ишчиларнинг йўлбошчиси ва тадбиркордир. Ўз ҳақларини вақтида тўланмаслигига эътирози бўлиши табиий.

Убайдулло БАИТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг

“Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш”

туман қабулхонаси мудири.
Йўлдош ИСОҚЖОНОВ,
“Пахтакор” махсус мухбири.

Улашинг: