Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Истак бўлса имконият топилади

“Наврўзобод” қишлоқ врачлик пунктида 19 нафар ходим наврўзободликлар саломатлигини асраш йўлида сидқидилдан фаолият олиб бормоқда. 3 нафар шифокор, 11 нафар тиббиёт ҳамшираси 3895 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш учун бел боғлаган.

Бунёдкорлик ишлари охирига етказилмаган бўлса-да замонавий янги бинога кўчиб ўтган шифокорлар мамнун. Ҳарқалай 16 та шинам ва ёруғ хоналарга тиббиёт жиҳозлари ўрнатилган. Тиббий муолажа олиш учун келган беморлардан 60 ёшли Мавлуда Пирназарова, 68 ёшли Салимахон Ҳайдарова, Шавкатбек Матёқубовлар билан суҳбатда бўлдик. Улар тиббиёт ходимлари хизматидан мамнун эканликларини баён қилдилар.
Қишлоқ врачлик пунктининг бош шифокори Муҳаммадали Хожиматовнинг айтишича маҳаллада жойлашган 4 хонали собиқ врачлик пункти замон талабларига жавоб бермагани учун янги бино қуришга Давлат дас­тури асосида маблағ ажратилган. Ана шу маблағ ҳисобидан янги бино “Камолот баҳор” МЧЖ томонидан барпо этилди. Бироқ бугунги кунгача ишлар ниҳоясига етказилмаган. Бунинг сабабини ва айрим камчилик­ларни қачон тугатилишини МЧЖ раҳбари Авазбек Йўлдошевдан телефон орқали сўрадик. У карантин сабабли ишчи кучи етишмаганлигидан ишни тўла битира олмаганини айтиб, камчиликларни тез орада бартараф этишга, шифокор ва беморларга янада яхши шароитлар яратиб беришга ваъда берди.
Касбини севган, ўз ишига масъулият билан ёндошадиган шифокорга эл саломатлигини сақлашда ҳеч нима тўсиқ бўлолмайди. Имконият излаб топади ва мақсадига эришади. Қандай шароитда бўлмасин аҳоли саломатлиги учун қайғураётган Равшанбеш Мухаммедшин, Шуҳратбек Абиддинов, ҳамширалар Фазилатхон Аҳмедова, Махфуза Сатимова,Фаридахон Хидирова, Умидахон Хожимуротоваларни ана шундай саломатлик посбонлари қаторига киритса бўлади. Улар учун энг муҳим нарса—инсон саломатлигини асраш. Айниқса пандемия даврида тиббиёт ходимларининг ўз ишларига масъулияти янада ортган. Турли юқумли касалликларнинг олдини олиш борасида аҳоли ўртасида тушунтириш ва тарғибот ишлари мунтазам олиб борилмоқда.

Суратда: ҚВП мудири Муҳаммадали Хожиматов (ўртада) ҳамкасблари Шуҳратбек Абиддинов ва Фазилатхон Аҳмедова билан мулоқотда.

Улашинг: