Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ПАХТА ТЕРИМИ МАВСУМИ ОЛДИДАН

Халқимиз орасида пахта миллатимиз ифтихори саналади. Шунинг учун ҳам уни “Оқ-олтин” дея таърифланади. Пахтакорларимиз ҳар йили пахта терим мавсумини ўзгача иштиёқ, ғайрат-шижоат билан киришадилар. Туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Раҳматилла Ибрагимов мавсум борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида шундай дейди:

— Туманимизда пахта-ғалла йўналишида фаолият кўрсатаётган 186 та фермер хўжаликларида жорий 2020 йил ҳосили учун 7948,2 гектар ер майдонида чигитнинг Андижон-35, Андижон-36 навлари экилиб, агротехника қоидалари асосида парваришланди. Чигит экишда ҳар гектарига 200 кг.дан фосфорли ўғит солинди. Биринчи озиқлантиришда гектарига 100 кг.дан фочфорли, 250 кгдан селитра(азотли), 50 кг.дан калий, 2-озиқлантиришда ҳам шунча минерал ўғитлар солинган бўлса, 3-озиқлантиришда 200 кгдан селитра, қўшимча озиқлантиришда 100 кгдан селитра билан озиқлантирилди. Бу тадбирлар ўтган йилга нисбатан ғўзаларни озиқлантиришда пахтакорларимиз томонидан янада эътибор беришлари, ўз вақтида озуқа билан тўйинтириб суғориш ишлари олиб борилганидан далолат беради.
Ўтган 2019 йили туманимизда 7948 гектар ердаги ҳосилдорлик гектаридан 35 центнерданни, ялпи ҳосил 27492 тоннани ташкил этиб, режа 106,5 фоизга бажарилган эди. Жорий йилда эса ҳар гектаридан 36,2 центнер олиш, ялпи ҳосилни 28783 тоннага етказиб, режани 107 фоизга бажариш кўзда тутилмоқда.
Ҳозирда далаларда дефолиация ишлари тугалланмоқда. Пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш учун туманда 139 та отряд тузилди. COVID-19 пандемияси қоидалари асосида пахтакорларга пахта терими мавсумида қулай шароитлар яратиб бериш учун бор имкониятлар ишга солинмоқда.

Улашинг: