Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМДА ЯНГИ ИННОВАЦИОН ТЕХНОЛОГИЯЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ

Мамлакатимизда таълим-тарбия жараёнлари давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Зотан мактабгача таълимда амалга оширилаётган ишлар давлатимиз ва ҳукуматимиз эътиборида бўлаётгани, бу соҳани ривожлантириш, таълим-тарбия сифатини такомиллаштириш, бу соҳага кўрсатилаётган ёрдамлар буни яққол акс эттирмоқда. Чунки мактабгача таълим ташкилотлари келажагимиз ворисларининг баркамол, етук, соғлом, бир сўз билан айтганда комил инсон бўлиб етишишларига мустаҳкам пойдевор қўювчи омил ҳисобланади. Шу жойда қўйилган пойдевор мустаҳкам бўлса кўзланган олий мақсадларга эришиш йўлидаги қадамларимиз жадаллашади.
Мактабгача таълим ташкилотимиз тарбияланувчиларини миллий, умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялашда янги инновацион технологиялардан унумли фойдаланиш билан бирга маҳалла, оила, МТТнинг ҳамкорлиги жуда катта аҳамият касб этмоқда. Буни Соҳибахон Бегматова раҳбарлик қилаётган 285 нафар келажагимиз ворисларини қамраб олган, 17 нафар тарбиячи-педагоглар, 23 нафар техник ходимлар фаолият олиб бораётган мактабгача таълим ташкилотимиз мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Ташкилотимизда «Устоз-шогирд» анъанасига қатъий амал қилиб келинмоқда. Ҳар ҳафтада тарбиячилар ўртасида навбатма-навбат очиқ машғулотлар ўтказилиб келинмоқда. Бунда педагог ходимлар бир-бирлари билан фикр алмашадилар, таълим-тарбиянинг янги услубларини ўрганадилар. Ёш тарбиячиларга малакали, тажрибали тарбиячилар томонидан таълимий фаолиятлар учун зарур бўлган маслаҳатлар бериб борилади.
Ташкилотимизда ҳафтанинг ҳар шанба куни метод куни ҳисобланади. Унда ҳафта давомида олиб борилган фаолият таҳлил қилинади. Ютуқлар сири ўрганилиб, камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари белгиланади.
Тизимга янгича ёндашувлар жорий этилаётган бугунги кунда тарбияланувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳар жиҳатдан етук ва баркамол вояга етиб, комил инсон бўлиб етишишлари учун бор имкониятлардан фойлаланилмоқда. Жумладан таълим сифатини оширишда тарбиячиларимиз ўртасида «алмашлаб ўргатиш» методикаси йўлга қўйилган. Бунда тарбиячилар гуруҳларда ўзаро алмашиб машғулот ўтишади. Бу методикадан кўзланган мақсад тарбиячилар тажрибасини янада ошириш, болаларга берилаётган билим орқали тарбиячи фаолияти таҳлил қилишдир. Бу жараён ҳафтанинг ҳар чоршанба кунида ўтказилади ва бу кунга тарбиячилар алоҳида тайёргарлик кўрадилар.
Бунда ташкилотимизнинг энг тажрибали тарбиячилари Майрамхон Раҳмонова, Гулжаҳон Абдураҳмонова, Мухаррам Кенжабоева, Олтиной Исмоиловалар фаоллик кўрсатмоқдалар. Уларнинг машғулотлари тарбияланувчиларда катта таассурот қолдирмоқда. Ватанни севиш, доно халқимизга муҳаббат, қадриятларимизга эъзоз, удумларимизга ҳурмат ғоясини сингдиришда бундай усуллар муҳим омил бўлмоқда.
Муслимахон ОЛИМОВА,
ташкилот услубчиси.

Улашинг: