Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

“ПОЙТУҒ” ФУТБОЛ ЖАМОАСИНИНГ ДАДИЛ ОДИМЛАРИ

“Миллионлар ўйини” дея таръиф олган футбол беллашувларида Андижон вилояти,Избоскан туманинг “ПОЙТУҒ” футбол жамоаси вилоят 2-лига чемпионатининг “Б” гуруҳида мағлубиятсиз юриш қилиб, пешқадамликни ўз қўлига олди. Ғолибликнинг сири нимада? Футбол клуби раҳбари Абдулмажид Маҳмудов билан суҳбатимиз давомида саволимизга жавоб изладик:
— Жамоа йилдан йилга таж­рибаси ортиб юқори ўринлар сари одимламоқда. Бунинг сирлари нимада?
-Жамоамизнинг ташкил топ­ганига кўп муддат бўлмасада, бу орада бор имкониятларимизни ишга солиб, бир қатор ҳаракатларни амалга оширдик. Муваффақиятларимиз самараси ҳам шу бўлса керак. Тажрибали мураббийларни клубга жалб этиб, туманимиз маҳаллаларидаги футболга ошно, иқтидорли ёшларни саралаб олдик. Ҳатто улар орасида ишсиз юрган йигитларни иш билан таъминладик. Вақт ўтиши билан улар ишончимизни оқлаб, ғалабали серияларни амалга ошира бошладилар. Олиб борилган ишларда туманимиз ҳокими Серобиддин Исмоиловнинг ва мухлислар ўртасида ўйинларни тартибли, осойишта ўтишини таъминланишида ўз хизматларини аямаган туман ички ишлар бўлими ходимларининг муносиб ҳиссалари бор.
-2021 йил жамоа учун омадли келди. Шу ҳақида сўзлаб берсангиз?
-Тўғри айтасиз, жорий йилда бир қатор муваффақиятларга эришиб келмоқдамиз.
Аввалига “Вилоят ҳокими кубоги” беллашувларида барча рақибларни мағлубиятга учратиб, кубок эгасига айландик.Сўнгра “Ёшлар форуми”да ҳам туб маҳалла футболчиларидан ташкил топган жамоамиз ўз маҳоратларини кўрсатиб, ғолибликни қўлга киритдилар ва мухлисларни ҳурсанд этдилар. Ушбу муваффақиятларда жамоамизнинг малакали мураббийи Асрорбек Раҳмоновнинг хизматларини алоҳида тилга олиб ўтиш жоиз деб ўйлайман. Шу билан бирга жамоа тўпурари Саиджон Муҳамаджоновнинг ҳам дадил ҳаракатлари ғалабаларни таъминламоқда. У 10 та ўйинга тушиб, 8 та гол муаллифига айланди. Аслбек Абдумухторов, Дамир Жалолиддинов, Омадбек Қодиров каби футболчиларимиз ҳам фақат «ғалаба» дея майдонга тушмоқдалар. Клубимизнинг «Media» ходими Рус­тамхўжа Набихўжаев барча ўйиларимизни тасвирга олиб, онлайн тарзда интернет тармоқларига жойламоқда. Бу эса клубимизнинг чет элдаги мухлисларини ўйинларимиз ва ғалабаларимизни кўришиб, мамнун бўлиш­лари имконини бермоқда.
— 2-лига ўйинларига қайтсак.”Б” гуруҳида 10- тур ўйинлари якунланди?
— Жамоамиз 10 та ўйинда 9 та ғалаба, 1 та дуранг, мағлубиятсиз ҳолда гуруҳда 28 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Ўйлайманки, 11-турда ҳам йигитларимиз “ЎЗТОНГХОКО” жамосидан устун келиб ягона пешқадамга айланиб оладилар.
-Келажакдаги режалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
Футболчиларимнинг қулай шароитларда шуғулланишлари учун тумандаги “Гулис­тон” МФЙида жойлашган собиқ “Алимайдон” ўйингоҳини ҳомийлик асосида қайта реконс­труция қилиб, қишки ва ёзги мавсумларда ҳам қулай шароитларга эга хоналарни барпо этдик. Туман ҳокими “ПОЙТУҒ” жамоамизнинг 2-лигада ўйнаши учун 20 миллион сўмлик бадал пулларини тўлаб берди. Ўйлайманки, жамоамиз учун озми, кўпми ўзининг кўмагини аямаётган тумандошларимиз балки мухлисларимизнинг ҳам биз эришаётган ғалабаларимизда муносиб ҳиссалари бор. Шундай экан, келажакда жамоамиз ўз олдига мақсад қилиб қўйган ПРОФЛИГА томон дадил одимлайверамиз.

Маҳмуджон Рустамов


Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб- қувватлаш жамоат фонди грант маблағи асосида амалга оширилаётган «ОАВлар билан ҳамкорликда ёшларни юртга садоқат, маданий меъросга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга, уларни оммавий маданиятнинг салбий иллатларни таъсиридан ҳимояга қилишга кўмаклашиш» лойиҳаси дои­расида тайёрланди.

Улашинг: