Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

МАВЛОНБЕК ЖАНГЛАРДА ПЕШҚАДАМ

Жорий йилниниг 14 августида Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган профессионал жангда навбатдаги ғалабаси билан Мавлонбек Қаҳҳоров ўз мухлисларини яна бир бор хушнуд этди.
1987 йили Пойтуғ шаҳрида, “Иттифоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида таваллуд топган Мавлонбек 5-умумтаълим мактабида ўқиётган чоғларидаёқ Шарқ яккакурашининг Муай-тай турига қизиққан ва жанг сирларини ўрганишни дилига туккан эди. Ундаги қизиқишларни илғаган туман болалар-ўсмирлар спорт мактабининг тажрибали мураббийи Баҳтиёржон Матбобоев кўмакка келди. Иккалалари қисқа муддатдаёқ малакали устоз ва олдинга интилувчан шогирдга айландилар. Устозининг сабоқларини олаётган, маслаҳатлари ва ўгитларини дилига жойлаётган ёш Мавлонбек илк бор ёшлар ўртасида ғолиблигини намоён қилганда яна олти бора шоҳсупага кўтарилишини ўйламаганди. Аммо устозининг унга бўлган ишончи зўр эди. Бу ишонч Мавлобекни 2004 йилда катталар ўртасида бошланган чемпионатда ҳам ғолиблик сари руҳлантирди. Ютуқлар силсиласи тобора ортиб борди. Бугунда эса у 8 маротаба Ўзбекистон, 3 маротаба жаҳон чемпиони, 3 маротаба Осиё ўйинларида ғолиб чиқиб, рекордчи деган номни олди. Бир марта Осиё чемпионлигини ҳам қўлга киритиб, олтин медаллар шодасини тўлдириб қўйди.
Мавлонбек мусобақалардаги дадил иштироки билан бирга Андижон давлат университетининг жисмоний тарбия факультетида таҳсил олди. Шу йиллар ичида фаолиятини профессионал жангларда давом эттириб, 10 маротаба рингга чиқди ва барча рақибларини мағлуб этди.
Мавлонбек умрбод ҳаётининг мазмунига айланган спорт билан доимо ҳамнафас. Устози Шербек Билоловнинг тажрибаси унга яна қўл келмоқда. Шербек ҳар бир жанг олдидан унинг ғалабага бўлган ишончини мус­таҳкамлайди. Маҳоратини оширишидан тинмайди. Кейинги жангларидан бирида рақибини нокаутга учратган бўлса , бирида очколар бўйича ғолиблик қилди.
Бишкек шаҳридаги бўлиб ўтган OPEN-FS8 беллашувлари Мавлонбекнинг ҳам, мухлисларининг ҳам ёдида қоларли бўлди. У қирғизистонликларнинг севимли жангчисига айланган, 50 маротаба рингга чиққиб мағлуб бўлмаган Дастанали Шарфшиев устидан ғолиб бўлиб, барчани лол қолдирди. Дастаналининг мағлубиятини тан олган қирғиз мухлислари ҳам ўзбек жанг устасини узлуксиз қарсаклар билан олқишлай бошладилар.Туманимиз, балки юртимиз аҳлининг севимли спортчиси Мавлонбек Қаҳҳоров яна бир бор мухлислар ишончини оқлади.
Енгилмас, моҳир спорт устаси Мавлонбек билан суҳбатда бўлиб, ундан келажак режалари ҳақида сўрадик. Саволимизга жавоб берар экан,у навбатдаги жанг Туркия давлатида бўлиб ўтишини, шунинг учун мураббийи Шербек Билолов билан астойдил тайёргарлик кўраётганлигини маълум қилди. Мавлонбек билан хайрлашиб, унга навбатдаги жангларида ҳам омадлар тилаб ортга қайтар эканмиз, у шу даражадаги спортчи бўлиб етишида аввало ота-онасига, ҳар бир беллашувда ёнида ҳамнафас ҳамда ҳомийлик кўрсатиб келаётган “Боқижон Маҳмудов” хусусий шифохонаси раҳбари Абдулмажид Маҳмудовга, ”Мақсудбек” хусусий қурилиш савдо фирмаси раҳбари Мақсудбек Турғуновга ва Ҳамидулло Қаҳҳоровга ўзининг чексиз миннатдорчиликларини изҳор этиб қолди.
Биз ҳам Мавлонбекнинг келгуси жангларида омадлар тиладик.
М. Деҳқонов,
Суратда: Маҳоратли спортчи Мавлонбек Қаҳҳоров мураббийи Шербек Билолов билан.
Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб- қувватлаш жамоат фонди грант маблағи асосида амалга оширилаётган «ОАВлар билан ҳамкорликда ёшларни юртга садоқат, маданий меъросга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга, уларни оммавий маданиятнинг салбий иллатларни таъсиридан ҳимояга қилишга кўмаклашиш» лойиҳаси дои­расида тайёрланди.

Улашинг: