Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ГРИППДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ

Кенг тарқалган ўткир юқумли касаллик гриппни вируслар кўзғатиб, уларнинг A, Ap А2, В, С турлари маълум. Вируслар вақт-вақти билан антиген тузилишини ўзгартириб туради. Жумладан, А турининг ўзида антиген хусусиятига қараб A (Н1N1), А (Н1N2) антигенли вируслар фарқ қилинади. Ўзбекистонда, асосан, А, айрим ҳолларда, В тури учрайди. Грипп вируслари жуда беқарор; хона шароитида бир неча соатдан сўнг юқиш эҳтимоли йўқолади, қуёш нури таъсирида тез нобуд бўлади. Паст ҳароратда, айниқса, ҳаво ҳарорати 0° дан паст бўлганда вирус узоқ сақланади. Шу сабабли грипп касаллиги совуқ мавсумда кўпроқ кузатилади. Дезинфекцияловчи воситалар (хлорамин, хлорли оҳак эритмалари, формалин, кислота ва ишқорлар) таъсирида вируслар тез нобуд бўлади. Исириқ тутуни ҳам грипп вирусларини ўлдиради.
Инфекция манбаи бемор, у аксирганида, йўталганида, гаплашганида вирус ҳаво заррачалари ва сўлак томчилари билан атроф муҳитга тарқалади. Айниқса, касалликнинг дастлабки кунларида вирус бемор организмидан кўплаб ажралиб яқин атрофдаги одамларга нафас йўллари орқали тушади.
Аҳолининг барча табақалари бу касалликка мойил. Нимжон, турли хасталикларга чалинган одамларга грипп тез юқади. Жисмонан бақувват, чиниққан одамларда касаллик кам кузатилади.
Касалликнинг яширин (инкубацион) даври жуда қисқа – бир неча соатдан 1-2 кунгача. Касаллик тўсатдан бошланади. Соғлом юрган одам бирдан мазаси қочиб эти увишади, лоҳас бўлади, ҳарорати кўтарила бошлайди. Орадан 1-2 соат ўтгач, касалликнинг асосий аломатлари намоён бўлади. Иситма қисқа вақт ичида 39 – 40° гача кўтарилади, бемор жунжикиб, совқотади, қалтирайди. Ҳарорат кўтарилиб бўлгач, беморнинг бадани қизийди, бетоқат бўлади. Аъзои бадани, боши, қўл-­оёқ­ мушаклари зирқираб оғрийди. Айниқса, пешона ва чакка соҳасида оғриқ кучли бўлади. Баъзан беморнинг боши айланиб, кўзи тинади. Кўз ёшланади, қизариб кетади, кўз соҳасида оғриқ бўлади. Бурун «битиб» қолади, нафас олиш қийинлашади, томоғи оғрийди, оғзи кақрайди, қуруқ йўтал пайдо бўлади. Грипп енгил, ўртача ва жуда оғир ўтади. Касаллик оғирроқ кечганда кўнгил айниши, қусиш, бурун қонаши ҳам мумкин.
Грипп кексалар ва болаларда анча оғир кечади, организмда илгаридан мавжуд бўлган сурункали касалликлар, одатда, зўраяди, баъзан бошқа касалликлар – зотилжам қўшилади. Касалликдан кейин ўпка шамоллаши, буйрак, мия пардалари нерв тугунлари ва толаларининг яллиғланиши каби асоратлар кузатилади.
Даволаш. Грипп билан оғриган беморни касалхонага ётқизиш шарт эмас, уйда алоҳида хонада ётгани маъқул. Фақат касаллик оғир кечган ҳолларда бемор касалхонага ётқизилади. Касалликнинг оғир-енгил ўтишидан қатьий назар, бемор ётиши лозим. Вирусларга таъсир этувчи Ремантадин, Интерферон каби дорилар фақат дастлабки кунларда қўлланилса яхши наф беради. Ширчой, лимонли мураббо (айниқса, малина, смородинали), қатиқ, қоқурум ичиб терлаш бемор аҳволини яхшилайди. Шифокор тавсияси билан оғриқ қолдирувчи дорилар ва антибиотиклар тавсия этилади.
Олдини олиш. Грипп тарқалиш эҳтимоли бўлган кезлари махсус профилактика мақсадида вирусга қарши вакцина билан эмлаш ўтказилади. Вакцина бурунга томизилади. Гриппга қарши гаммаглоблин қилинади. Бурунга профилактика мақсадида Интерферон томизиб туриш, Оксолин мойи суртиш, бемор бор хонада исириқ тугатиб туриш мақсадга мувофиқ.
Алижон Жўраев, ТТБ юқумли касалликлар бўлими мудири.
Ҳасанбой Сайдалиев, эпидемиолог.
Файзулло Назруллаев, координатор.

Улашинг: