Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Давлат хизматларидан фойдаланишда Мобил-ID тизими жорий этилади

 

“Давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–113-сон, 20.04.2022 й.) қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, фуқаролар учун бир қатор қулайликлар яратилмоқда. Хусусан, 2022 йил 1 августдан давлат хизматларидан фойдаланиш учун шахсни идентификациялашнинг мавжуд тизим ва воситаларига қўшимча равишда жисмоний шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими жорий этилади. Ушбу тизим “Электрон ҳукумат” тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш бўйича ягона ахборот тизимининг таркибий қисми ҳисобланади ва шахсни унинг мобил телефон рақами орқали идентификациялашни назарда тутади.

Шунингдек, шахсни Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациялаш ДХМ ёки нотариал идора томонидан ёхуд ЯИДХП мобил иловаси орқали амалга оширилади. Фуқароларни Мобил-ID тизимига идентификация қилиш бевосита Марказлар ёки нотариал идора орқали 2022 йил 31 декабргача тўлов ундирилмасдан, 2023 йил 1 январдан эса БҲМнинг 2 фоизи миқдорида бир марталик тўлов ундирилган ҳолда амалга оширилади.

Мобил-ID тизими фойдаланувчилари электрон рақамли имзони қўлламаган ҳолда барча давлат хизматларидан фойдаланиши мумкин. Фақат молиявий хизматлар бундан мустасно ҳисобланади. Бунда, фуқаронинг  ЯИДХПдаги шахсий кабинетига юбориладиган барча хабарномалар Мобил-ID тизими орқали идентификацияланган мобил телефон рақамига SMS-хабар шаклида юборилади.

Фармон билан қуйидагилар аҳоли ва тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатишда Адлия вазирлигининг келгуси беш йилликдаги устувор фаолият йўналишлари этиб белгиланди:

  • “Фуқаро эътибор марказида” (Citizen – centric service) тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини модернизация қилиш;
  • аҳолининг электрон давлат хизматларидан фойдаланиш даражасини кескин ошириш ҳамда иш юритишни “қоғозсиз” тамойил асосида олиб бориш;
  • бизнес жараёнларини модернизациялаш усуллари (Business Process Reengineering) асосида ҳар бир давлат хизматини мақбуллаштириш, “бир дарча” тамойилини амалиётга тўлиқ татбиқ этиш;
  • давлат хизматларининг янги турларини йўлга қўйиш ҳамда ўз аҳамиятини йўқотган давлат хизматларини бирлаштириш ёки бекор қилиш;
  • жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда инклюзив муҳитни яратиш;
  • давлат органларининг ташаббуси асосида проактив давлат хизматлари ҳамда битта сўров бўйича ўзаро боғлиқ композит давлат хизматлари кўрсатиш амалиётини кенгайтириш;
  • ўзига ўзи хизмат кўрсатиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш кўникмаларини ошириб бориш.

Фармон билан 2022 йил 1 июлдан айрим талаб ва шартлари бекор қилинаётган лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар рўйхати тасдиқланди. Жумладан, ушбу муддатдан бошлаб тиббий фаолият учун лицензия, фармацевтика фаолияти учун лицензия, архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолияти учун лицензия, фискал хотирали назорат-касса машинасини рўйхатдан ўтказиш карточкаси, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома ва заргарлик буюмларини ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган бошқа буюмларни сотиш фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисида хабарномалар бекор қилинади.

Шунингдек, 2022 йил 1 июндан 38 турдаги давлат хизматларини ЯИДХПда электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди: фуқаронинг номида шахсий уй-жойи борлиги ёки йўқлиги тўғрисидаги маълумотнома бериш, бино ва иншоотларнинг ижара шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш, судланганлик ҳақида маълумотнома бериш ва хорижий давлатда умумий ўрта ва ўрта махсус таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш учун ариза юборишлар шулар жумласидандир.

2022 йил 1 сентябрдан қуйидаги нодавлат ташкилотларга “Электрон ҳукумат” тизими орқали олиниши мумкин бўлган маълумотлардан фойдаланиш имконияти яратилади:

  • тижорат банклари;
  • телекоммуникация ташкилотлари;
  • хусусий тиббиёт муассасалари;
  • нодавлат таълим ташкилотлари;
  • суғурта ташкилотлари.

Аслбек  Касимов,

Ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими бошлиғи.

 

Улашинг: