Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Хотин-қизларга таълим олишлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратилмоқда

          Мамлакатимизда хотин-қизларнинг давлат ва жамиятимизнинг барча сохаларида фаол иштирок этишлари, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар тизимли давом этиб бормоқда.

Жумладан Ўзбекистон Республикамиз Президентининг 2022 йилнинг 18 июль куни “Олий, ўрта махсус ва прорфессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб қувватлашга доир чора тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3213 сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб республикадаги барча хусусий, хорижий ва давлат олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида хотин-қизларнинг тўлов-контракт асосида таҳсил олиши учун имтиёзли шартларда таълим кредитларини молиялаштириш мақсадида тижорат банкларига давлат буджетидан маблағ ажратишнинг янги тизими жорий этилди. Қарорга кўра тижорат банклари Молия вазирлиги томонидан жойлаштириладиган депозит маблағлари ҳисобидан таълим кредитларини 14 фоиз ставкада ажратади. Таълим кредитининг асосий қисми талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади.

Таълим кредити бўйича фоиз ставкаларини сўндириш Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан, уларни тижорат банкларига тўлаш орқали амалга оширилади. Таълим кредитини расмийлаштиришда ва унинг қайтарилишида талабанинг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари ва бошқа учинчи шахс биргаликда қарз олувчи сифатида қатнашишига рухсат этилади. “Ижтимоий ҳимоя ягона рейестри”га кирган оилаларнинг хотин-қизларига ажратиладиган таълим кредитлари учун гаров ва кафилликлар талаб этилмайди. Шунингдек ушбу қарор билан Жамғарма маблағлари ҳисобидан тижорат банкларининг сўровларига асосан келгусида 14 фоиз ставкада таълим кредити ажратиш учун уларга 10 фоиз ставкада депозит маблағлари жойлаштириш; Жамғарма томонидан таълим кредитлари учун тижорат банкларига зарур маблағлар ажратилишини таъминлаш ва назорат қилиш мақсадида Жамғармага 1 та Мактабгача таълим вазирлиги штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан ва 1 та Молия вазирлигининг умумий штат бирликлари доирасида жами 2 та штат бирлиги ажратиш белгилаб қўйилди.

Булардан ташқари Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг тўлов-контракт асосида ўқиши учун таълим кредитларини ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш, Молия вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ҳам мазкур қарорнинг ижроси юзасидан вазифалар белгилаб берилди. Мамлакатимизда хотин-қизларнинг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш ва уларни қўллаб қувватлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини химоя қилишнинг ҳуқуқий      асосларини такомиллаштириш ва гендер тенгликни таъминлаш асосий вазифалардан биридир.      

  А.Каримов,    

  Олтинкўл тумани Юридик хизмат    кўрсатиш марказ бош юристконсульти:                            

Улашинг: