Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Расмий меҳнат фаолияти – келажак кафолати

 

Бугунги кунда айрим фуқаролар қисқа муддатда кўпроқ даромад олиш мақсадида норасмий меҳнат фаолиятини танламоқдалар. Бироқ бундай қарорнинг узоқ муддатли оқибатлари кўпчилик томонидан етарлича баҳоланмайди. Норасмий иш фуқарони бир қатор ижтимоий кафолатлардан маҳрум қилиши мумкин.

Расмий меҳнат муносабатларининг энг муҳим афзалликларидан бири – келажакда пенсия таъминоти ҳуқуқининг шаклланишидир. Қонунчиликка мувофиқ, расмий равишда ишга жойлашган ходим учун иш берувчи белгиланган тартибда солиқлар ва мажбурий тўловларни амалга оширади. Жумладан, ходимнинг меҳнат фаолияти давомида Пенсия жамғармасига маблағлар ўтказиб борилади.

Бу эса фуқаронинг келажакда давлат пенсияси олиш ҳуқуқини таъминлайди. Пенсия миқдори ҳам меҳнат стажи ва расмий даромадлар ҳисобидан шаклланади. Шунинг учун расмий иш ҳақи олиш ҳар бир инсоннинг эртанги куни учун муҳим аҳамият касб этади.
Норасмий меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган шахслар эса пенсия ёшига етганда меҳнат стажини тасдиқлаш, пенсия тайинлаш ёки унинг миқдорини белгилаш билан боғлиқ қатор муаммоларга дуч келишлари мумкин.
Шу боис ҳар бир фуқаро ёшликданоқ расмий меҳнат муносабатларида иштирок этишга, меҳнат шартномаси асосида фаолият юритишга, расмий иш ҳақи олишга ва ижтимоий тўловларни ўз вақтида амалга оширишга аҳамият қаратиши лозим.
Расмий меҳнат фаолияти нафақат бугунги барқарор даромад, балки эртанги кун учун ишончли ижтимоий ҳимоя ва муносиб пенсия таъминотининг муҳим гаровидир.

Х.Абдужабборов,
Бюджетдан ташкари Пенсия жамғармаси Улуғнор туман бўлим бошлиғи

Улашинг: