Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ИНСОН ХОТИРАСИ АЗИЗ

Туман Болалар – ўсмирлар спорт мактаби томонидан туманимизда турли соҳаларда фаолият олиб борган инсонлар хотирасига бағишланган спорт мусобақалари ўтказилмоқда.

Чувама қишлоғи фарзанди, туманимизнинг фахри бўлган Нишонбой Жўраев 1925 йилда таваллуд топди. У 1942 йили қишлоқдаги 26 – ўрта мактабни битирбоқ фронтга Иккинчи жаҳон урушига отланди. Нишонбой 1945 йилда немис босқинчилари устидан қозонилган ғалабадан сўнг ҳам уйга қайтмай, Япон урушида мардларча иштирок этиб, 1949 йилда кўкраги орден–медалларга тўлган ҳолда она қишлоғи Чувамага қайтди.
Сўнгра билим олиш учун Фарғона давлат педогогика институтига ўқишга кирди. Институтни битиргач, ўзи таълим олган мактабда ўқитувчилик фаолиятини бошлади. Бир йилдан сўнг у мактаб директори этиб тайинланди. Мактабда олиб борган ишлари билан эътиборга тушган Нишонбой Жўраев 1958 йилда туман ҳалқ таълими бўлими мудирлигини ишониб топширдилар.
1960 йилдан 1971 йилгача ўзи яшаб турган Калинин номли колхоз раиси лавозимида иш олиб борди. Сўнг Пахтаобод туманида ташкил этилган Маданият совхозига 1979 йилгача раҳбарлик қилди. 1979 йилдан эса Пахтаобод туманидаги Машина – трактор паркини бошқарди ва 1985 йили нафақага чиқиб, фарзандлари, неваралари бағрида кексалик гаштини сурди. 1987 йилда ўлим уни орамиздан олиб кетди. Нишонбой ака меҳнат фаолияти давомида турмуш ўртоғи Озодахон ая билан 6 нафар— 4 ўғил ва 2 қизни эл корига нафи тегадиган инсонлар қилиб вояга етказдилар.
Чувама қишлоғидаги бокс спорт залида Нишонбой Жўраев хотираси бағишланган спорт мусобақалари бўлиб ўтди. Мусобақада туманимизда бокс билан шуғулланаётган 150 нафардан зиёд чарм қўлқоп усталари ўз вазнлари бўйича ғолиблик учун рингга чиқдилар.
Спортнинг бокс турига қизиқиши ортган мухлислар бахсларни томоша қилар экан, ҳар бир ўтган муросасиз баҳсларни эътибордан қочирмадилар. Якунда хотира турнири ғолиблари аниқланиб, уларга дип­лом билан бирга Нишонбой Жўраевнинг фарзанд­лари Иброҳимжон, Қобилжон Нишоновлар томонидан таъсис этилган эсдалик совғалари топширилди.
Бу каби хотира турнирлари тумандаги 8–умумтаълим мактабида ҳамда туман Болалар–ўсмирлар спорт мактаби асосий базасининг спорт залида бўлиб ўтди. Унда туманимиз шарафини ҳимоя қилган спорт фахрийлари Тошқинбой Собиров, Ғуломжон Зокировлар хотирасига бағишланган спортнинг кураш, баскетбол турлари бўйича турнирлар ўтказилди. Ушбу хотира турнирларида туманимиз ҳамда Андижон, Олтинкўл туманидан ташриф буюрган 250 нафардан ортиқ спортчилар иштирок этдилар. Ғолиблар ташкилотчиларнинг қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

М. Рустамов,
Суратда турнирдан лавҳалар

Улашинг: