Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

 ЁМОНЛИК  ЖАЗОСИЗ ҚОЛМАЙДИ…

Ёзувчи, ҳамюртимиз, Шоҳрух Акбаров таҳририятимиз меҳмони

МУАЛЛИФДАН:   “Пахтакор” газетаси мен учун  жуда азиз ва қадрдон.Чунки  мактаб ўқувчиси пайтларимдаёқ илк  мақолаларим  шу газетада чоп этилган ва менда журналист бўлишга иштиёқ  айни шу   мўътабар нашр шарофати туфайли  туғилган. Шунинг учун  ёш журналист Мадинабону Мирзажонова   сиз билан суҳбат қиламиз, у Избоскан туманидаги  “Пахтакор” газетасида чоп этилади   деганда  мен бажонидил рози бўлдим.

-Уч йилча бурун дадам қадрдон дўсти  Шоҳрух Акбаровнинг «Мен Ўзбекман» деб номланган романининг  дастлабки жилдини олиб келганда мен ҳам кизиқиб ўқиб чиқиб романнинг ёзилиш тарихи ва муаллиф ҳақида муштарийлар учун суҳбат уюштиришни ният қилган эдим. Яқинда дадам китобнинг иккинчи жилдини олиб келди. Китобга ёзилган «Минг йиллик қадрдоним Аъзамжонга» деган дастхат янада меҳримни оширди. Салобатли, тўрт юз бетлик китоб жуда тез ўқилди. Чунки романда тилга олинган воқеаларнинг асосийси Андижонда содир бўлган эди.У ўқимишли, услуби равон, композицион қурилиши ҳам пухта эди.

Асарда Ўзбекистон Республикаси прокурори ўринбосари, шижоатли ва билимдон раҳбар, ўз соҳасининг шаънини ҳар нарсадан устун қўядиган ҳуқуқшунос Тоҳир Мирзаевнинг  90-йилларда Андижондаги қуролланган жиноятчи тўдаларга ва уларнинг давлат идораларидаги ҳомийлари бўлмиш баъзи мансабдор шахсларга қарши курашлари қаламга олинган эди.

(Шоҳрух Акбаровнинг қадрдон дўсти Аъзамжон ака сўзларидан)

        -Ассалому алайкум Шоҳрух ака, сизни навбатдаги нашрдан чиққан китобингиз билан табриклайман. Романда қаҳрамонингиз  образини кескин ва муросасиз курашлар орқали очиб бера олганингиз менда жуда катта таассуротлар қолдирди. Китобдаги воқеалар ўтмишда эмас, менинг замондошларим, ота-онамнинг тенгдошлари даврида содир бўлган. Шунинг учун ҳам воқеалар кўз ўнгимда худди кинолардагидай гавдаланиб турди. Шу асарнинг яратилиш тарихи ҳақида гапириб беришдан олдин ижод оламига қандай кириб келганингиз ҳақида бироз тўхталсангиз…

— Саволингизга жавоб бериш учун гапни сал узоқроқдан бошлашимга тўғри келади.Мен Андижон вилояти Избоскан туманида туғилганман. Ўрта мактабни тамомлаб, ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) филология факультетига ўқишга кирдим.Олий ўқув юртини битирганимдан сўнг Қўғай қишлоғидаги 24-мактабда бир йил ўқитувчи бўлиб ишладим.Сўнг  ҳарбий хизматга чақирилдим,  армиядан  кейин Тошкентда болалар газетасида, «Ёш куч»  журналида ўз фаолиятимни бошладим. Ижод соҳасидаги устозим таниқли болалар ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев бўлади (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин). Илк қиссам «Ёзги имтиҳон» у кишининг оқ йўли билан босилган. Мен кўпроқ суд очерклари ёзардим. Бир куни устозим: сизнинг суд очеркларингиз одамлар тақдири билан боғлиқ долзарб муаммоларга бағишланмоқда. Сиз ҳуқуқшунослик соҳасида ҳам ўқишингиз керак. Қонунлар ва уларнинг амалиётда қўлланилиши ҳақида тасаввурга эга бўлсангиз суд очеркларингизда билиб билмай хато қилиб қўймайсиз- дедилар ва ўзлари мени машинасига ўтқазиб Олий таълим вазирлигига олиб борди. Вазирнинг биринчи ўринбосарига кириб мақсадни тушунтирган эдилар, у ерда менга юридик институтда сиртдан ўқишим учун йўлланма беришди. Шундай қилиб ҳуқуқшунос ҳам бўлдим, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ахборотномаси ва «Куч адолатда» газетасида, Судьялар Ассоциациясининг «Ҳуқуқшунос» журналида бош муҳаррир бўлиб ишладим. Ижодимда суд-ҳуқуқ мавзуси шу тариқа пайдо бўлди, ўрганишлар, изланишлар натижаси ўлароқ «Агар дардим баён этсам», «Халима Мухитдинова феномени», «Сиз билган ва билмаган ҳуқуқшунослар», «Касби корим адолат бўлди», «Мен Ўзбекман» (1-жилд) китобларим нашр этилди.

         -Ҳа, изланиш, интилиш катта меҳнат самараси сифатида ёзилган китоб кўпчиликка манзур бўлмоқда, оддий, содда ва самимий тилда ёзилгани яна ҳам мақтовга лойиқ. Демак, асардаги услубий равонлик сабаби сизнинг филолог эканлигингизда бўлса, факт ва далилларни асослаб ўрнини  топиб жойлаштиришингиз ҳуқуқшунос эканлигингиздан эканда. Китобнинг жанри тарихий-ҳужжатли роман дейилган. Бадиийлик ва тарихийлик мутаносиблиги ҳам унинг фазилатидан биридир. Энди қаҳрамонингиз ҳақида гаплашсак…

-2016-2017 йилларда «Сиз билган ва билмаган ҳуқуқшунослар» китобини нашрга тайёрлаётган пайтимда Ўзбекистон Республикаси прокуратураси тизимида турли вазифаларда, республика прокурорининг ўринбосари, Бош прокурор ўринбосари бўлиб фаолият юритган, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий суди раиси  бўлиб ишлаган Тоҳир Мирзаевга тегишли мақолада «…у республика прокуратурасида бўлим блшлиғи бўлиб ишлаётган 80-йилларнинг охирида республика прокурори Усатов Москвага бориб марказий телевиденияда ўтказилган давра суҳбатида журналистлардан бири «Ўзбекистонда нима учун кейинги пайтларда порахўрлик жиноятлари кўпайиб кетди?” деб савол бергани, прокурор эса “Порахўрлик ўзбекларнинг қонига она сути билан кирган» деб жавоб берганлиги, Усатов Москвадан келгандан сўнг ўша суҳбат муҳокама қилинганда Ўзбекистонга марказдан юборилган турли миллат вакиллари-«десантчи» кадрлар сўзга чиқишиб Усатовга: »Бопладингиз», « Қойил қилдингиз!», « Топиб айтдингиз!» деб хушомад қила бошлаганларида Тоҳир Мирзаев сўз олади:

-Бу ерда сўзга чиққанлардан фарқли равишда мен Ўзбекман! Сиз телевидения орқали айтган сўзларингиз билан нафақат мени, балки бутун ўзбек  халқини ҳақорат қилдингиз!» — деб унинг юзига рўй-рост айтгани ёзилган жумлага дуч келдиму ҳайратдан қотиб қолдим. Прокуратурани бўлим бошлиғи республика прокурорининг юзига тик қараб бундай деб айтиш учун нафақат катта журъат, балки отнинг калласидек юрак ҳам керак эди. Шунда мен у ҳақда китоб ёзишни ўйлаб қўйдим. «Мен Ўзбекман» деб номлаш ҳам кўнглимдан ўтди. Олий судда ишлаб юрган пайтларимда Тоҳир Мирзаев билан яқиндан танишган эдим.

У билан учрашдик ва мен муддаони айтдим.

-Мен сизнинг таклифингизга  қўшиламан. Фақат битта эмас, бир нечта китоб ёзишингизга тўғри келади,-деди Тоҳир Мирзаев кулиб…

Хуллас ишга киришдик. Қўлингиздаги китоб икки қисмдан иборат. Биринчи қисмда Андижонда бир қанча давлат корхоналарини хусусан Андижон тўқимачилик комбинатини эгаллаб олиб, унинг маҳсулотларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланаётган бандитлардан тозалаш, уларнинг Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида қилаётган ўзбошимчаликларига чек қўйиш лозим эди. Тоҳир Мирзаев бу оғир масалани жуда катта қийинчиликларга қарамасдан ҳал қилди. Москвадан чақиртирилган гуруҳ ёрдамида бир кечада 54 нафар бандитнини ҳибсга олишнинг уддасидан чиқди. Ёмонлик жазосиз қолмади. Китобнинг иккинчи қисми Самарқандда шаклланган ва чой фабрикасини эгаллаб олган, бир қанча одамларни ўлдириб Дарғом каналига ташлаб юборган Дамин Ахтамов бошлиқ бандитларни фош қилиш жараёнига бағишланган. Ҳукумат комиссиясининг раиси Т. Мирзаев мавжуд фактлар ва ҳолатларни таҳлил қилиш жараёнида Самарқанддаги барча қотилликларни Дамин Ахтамов гуруҳи содир қилган деган узил-кесил хулосага келади ва уларни ҳибсга олади. Ҳукумат комиссияси қошидаги Ҳабибулла Саломов бошчилигидаги тергов гуруҳи улар содир этган жиноятларни фош этди…

Ана шу мураккаб жараёнларни тўла қамраб олиш осон бўлмади. Қўлёзмани нашрга тайёрлаш жараёни ҳам анча оғир кечди. Тўпланган фактларни, хужжатларни қайта-қайта ўрганиш, тўғри хулосага келиш кўп вақтни олаётган эди. Лекин барча машаққатли ишлар ортда қолди. Китоб нашрдан чиқиб, китобхонлар эътиборига ҳавола қилинди…

Ўзингиз биласиз, онам узоқ йиллар  юридик институтда дарс берганлар. Ажабланиб гапирардилар. Бир йилда нечта талаба ўқишга кирса деярли ҳаммаси «прокурор бўламан», «судья бўламан»,-дейди. Бу касбнинг машаққатини,баъзан ойлаб хизмат сафарида юришларини жонини ҳавфга қўйиб ашаддий муттаҳамлар билан гаплашишни кўз олдига келтирмай, қоғозга ёзилганни ўқиш билан чекланади, деб ўйлашади шекилли,- дердилар. Китобдаги қаҳрамонингиз ҳаёти ана шундай ёшларга ибрат намунаси десак бўладими?!

-Ҳа, албатта. Бу касб катта маҳоратни, билимдонликни, теран ва тез фикрлашни, ҳушёрликни, адолатли бўлишни, мардликни талаб қилади. Халқимиз орасида бу касб эгаларига негатив қаровчилар йўқ эмас. Бунга сабаб ўша талабларни унутиб қўйган мутахассислар фаолиятидир. Менинг қаҳрамоним ўз касбини муқаддас деб билган, ҳақиқат эгилади, синмайди деган халқона иборага содиқ шахс. Китобнинг 151-бетидан мисол келтираман. Тўқимачилик комбинатининг бош директори прокурор ҳузурида ялтоқланиб сўрайди:»…ўзим ҳам Т.Камбаровичга учрашай, агар Тошкентга борадиган иши чикиб қолса, қайси машинада кетишини сўраб унга бола-чақага совға-салом солиб қўйсам деб юрувдим.

Мирзаев бу гапни эшитиб ҳушёр тортди. «Нега у тўсатдан машина тўғрисида сўз очди? …У ниманидир режасини тузган кўринади…»

«…Ҳа, Мирзаевнинг қайси машинада қачон Тошкентга кетишини менга аниқлаб бер, деб унга жиноий гуруҳдан кимдир топшириқ бергани аниқ…» қатъий хулосага келди у.

Т.Мирзаев юқоридаги ибратли сифатларга эга бўлгани учун ҳам Андижон вилоятидаги асосан иккита -Эркинов ва Ўрмонбоев гуруҳлари борлигини, уларнинг ҳар бири вилоятни ўз назоратига олмоқчи бўлиб кўп жиноятлар содир этаётгани натижасида бир қанча одамлар ўлдирилган булса-да, бу жиноятлар очилмай қолганини аниқлайди, уларга қарши курашади, вилоятни бу бандалардан тозалашда иштирок этади.

Хужжатларга кўз ташласак, бундай мисоллар жуда кўп. Бу иложи борича хужжатларга, фактларга асосланиб тасвирлашга ҳаракат қилдик.

      -Шоҳрух ака, «Мен ўзбекман» асарини яна давом эттириш ниятингиз борми?

-Бор, Худо хохласа, учинчи китоб ҳам албатта ёзилади.

-Сизга ижодий ишларингизда катта муваффакиятлар тилаймиз.

-Раҳмат.

Суҳбатдош:  Мадинабону Мирзажонова

 

 

Улашинг: