Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

АНДИЖОННИНГ ЎЗИГА ХОС БОКС МАКТАБИ

бунда избосканликларнинг ҳам ҳиссаси катта

Спортнинг бокс тури Ватанимиз шаънини жаҳон бўйлаб кенг ёяётганлигидан барчамиз хабардормиз. Бу борада Андижон бокс мактаби Республикамизда етакчиларидан саналса, бунда туманимиз «Чарм қўлқоп» усталарининг ҳам алоҳида ўрни бор.
Туман Болалар-ўсмирлар спорт мактабида шуғулланаётган боксчиларимизнинг шиори «Фақат ғалаба!» Вилоятимизда ўтказилган “Ёшлар форуми Андижон 2021» фестивали туманимиз боксчиларига катта қувончлар билан бирга маъс­улият олиб кирди. Нега деганда, бизнинг туманда бўладиган ҳар бир бокс мусобақасига бошқа туманларимиз боксчилари алоҳида тайёргарлик билан ташриф буюришади. Бунинг эса алоҳида сабаблари бор албатта. Бу ҳақда кейинроқ батафсил айтиб бераман. Ҳозир эса мавзудан йироқлашмай Чувама қишлоғининг Гуркиров маҳалласи ҳудудида жойлашган бокс залида ўтказилган “Ёшлар форуми Андижон 2021” фестивали ҳақида ҳикоя қилмоқчиман. Форум очилиш тадбирига Рес­публикамизда бокснинг ривожланишига муносиб ҳиссаларини қўшган таниқли спорт усталари ташриф буюрдилар. Андижон вилояти бокс федерациясининг вице президенти Баҳодир Султонов, Собиқ иттифоқ даврида водий бўйича биринчи бор спорт устаси номини олган мураббий Рустамжон Яхшибоев, Ўзбекистон боксини турли давлатларда мураббийлик орқали тарғиб қилган ҳамда жаҳон спорт ареналарида кўплаб ёшларимизни чемпионлик шоҳсупасига олиб чиққан таниқли бокс мураб­бийи Марс Қўчқаровлар ёш боксчиларни фестивал билан муборакбод этишиб, беллашувларда омад тиладилар.
Шундан сўнг вилоятимизнинг барча туманларидан фестивалнинг финал баҳсларига йўл олган 40 нафар боксчи навбатма навбат ғолибликни қўлга киритиш учун рингга кўтарилдилар. “Вилоят ҳокими кубоги” учун беллашувлар 10 та вазн бў­йича олиб борилди. Шиддатли муросасиз бошланган мусобақада иштирок этган ҳар бир ёш боксчи ўз иқтидорини намоён эта бошлади. Мусобақа мезбони ҳисобланган бизнинг ёш «чарм қўлқоп» усталари «Избоскан бокс мактаби”ни нималарга қодир эканлигини амалда намойиш этдилар. Ҳакамларнинг хулосасига кўра ўз вазнлари бўйича боксчиларимиздан Абдулло Қўчқаров, Фарёзбек Ҳакимов, Сирожиддин Исмоилов, Нус­ратбек Тоҳировлар рақибларини мағлуб этишиб, ғолиб бўлдилар. Илёсбек Маматисмонов, Ғиёсбек Толибжонов, Асадбек Арабовлар иккинчи ва учинчи ўринлар соҳиблари бўлдилар. Якуний натижаларга кўра ёшларимиз жамоа ҳисобида биринчи ўринни эгалладилар.
Мен юқорида туманимизда бокснинг ўрни ҳақида кейинроқ айтиб бераман деган эдим. Мана энди айт­ганимдек боксчиларимизнинг мусобақада эришган мувафаққиятларига қараб хулоса қилиб олса бўлаверади. Ёшларимиз ҳам менинг сўзларимни амалда яна бир бор тасдиқлаганларидан беҳад хурсандман. Бунинг учун уларга ўз миннатдорчилигимни изҳор этаман. Шу билан бирга туманимизда ҳамда Чувама қишлоғида бокс бўйича кўплаб чемпионларни етиштириб бераётган заҳматкаш мураббий Ҳамидулло Турғуновга ҳамда бокс мусобақасини ташкил этишида ўзларининг қимматли вақтларини аямай маъсулият кўрсатиб иш олиб борган 27,28,29,35–умумтаълим мактаблари мутасаддиларига раҳмат айтаман. Келажакда бу каби нуфузли мусобақалар сони кўпайиб, келажагимиз пойдевори бўлган чемпионларимиз сафи ортиб бораверсин.
Зайнобиддин Саидов,
Туман Болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори.

Улашинг: