Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

КЎНГИЛЛАРГА ОШУФТА МАСКАН

Юртимизда соғлом турмуш тарзини тарғибот қилишда, вояга етмаганлар ва ёшларни соғлом ва баркамол вояга етишини таъминлаш билан бирга улар ўртасида турли ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олишда бу масканнинг фаолияти алоҳида ўрин тутади. Шунинг учун ҳам бу масканда спорт билан шуғулланувчиларга етарли даражада шарт-шароит яратишга эътибор қаратилмоқда. Шунга яраша Зайнобиддин Саидов раҳбарлик қилаётган туман Болалар-ўсмирлар спорт мактабида бир қатор ишлар амалга оширилдики, бундан қувонмасликнинг иложи йўқ. Бу масканда уч мингдан зиёд ўғил-қизлар спортнинг 19 тури бўйича шуғулланиб келмоқдалар. Уларга 59 нафар малакали мураббийлар ўз тажрибалари асосида спорт сирларидан таълим бермоқдалар. Биргина ўтган олти ой мобайнида олиб борилган ишлар сарҳисобига назар ташланса қилинаётган меҳнат бесамар кетмаётгани яққол кўзга ташланади.


Ўтган вақт давомида 20 дан ортиқ турли спорт тадбирлари ўтказилиб, спортнинг мактабдаги турлари бўйича мусобақалар ташкил этилдики, унда нафақат умумтаълим мактаблари ўқувчилари балки ўқитувчилари ҳамда тумандаги барча маҳалла фуқаролар йиғинида яшаётган аҳолининг иштирок этишига эришилди. Айниқса ”23 Июнь-Олимпия куни” ва “30 июнь-Ёшлар куни” муносабати билан туманимизда ўтказилган спорт байрамлари ўзгача бир тус олди. Ёшлар куни муносабати билан туман ҳокими Серобиддин Исмоилов кубоги учун Шарқ яккакурашининг Муай-тай тури бўйича мусобақалар муросасиз бўлди. Барча умумтаълим мактабларида ушбу спорт тури буйича шуғулланаётган ўқувчилар бор иқтидорларини ишга солиб, туман ҳокими кубогини қўлга киритиш учун ҳаракат қилдилар. Мусобақа якуни эса ғолибларни аниқлаб берди.
Спорт мактабида тарбияланаётган ўғил-қизларимиз туман, вилоят балки республикамиз миқёсида бўлиб ўтган турли мусобақаларда туманимиз шарафини муносиб ҳимоя қилдилар. 100 дан ортиқ туманимизнинг ёш спортчилари республикамиз чемпиони ва совриндорлари бўлиб, олтин, кумуш, бронза медалларни қўлга киритдилар. Жумладан, 4-8 июнь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган қўл жанги бўйича ўсмир қизлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида Моҳичеҳра Омадова 3-ўринни қўлга киритди. Бокс бўйича 2003-2004 йилларда туғилган ўғил болалар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон кубогида иштирок этган иқтидорли чарм қўлқоп усталаримиздан Нусратбек Тоҳиров 1-ўринни, Илёсбек Маматисмоилов 2-ўринни эгаллаб, вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилдилар. Волейбол бўйича 2005-2006 йилларда туғилган ўғил болалар ўртасида ўтказилган Ўзбекис­тон кубогида иштирок этган Жамолиддин Исмои­лов шогирдлари 3- ўринни эгаллаб барчани хушнуд этдилар. Муай-тай бў­йича тренерлар Бахтиёржон Матбобоев, Яҳёбек Мирзараҳимов, Жамшидбек Қодиров, Мансурбек Аҳмедов, Мансурбек Мўйдинов, Муҳаммадбобир Турғуновларнинг 22 нафар шогирдлари Ўзбекистон чемпионати ва кубоги баҳсларида олтин, кумуш, бронза медалларини қўлга киритдилар. 2021 йил январь ойида янги спорт тури бўлиб туманимизга кириб келган Кинг-боксинг тез орада спортчи ёшларимиз орасида кенг шуҳрат топди ва у билан шуғулланувчилар сони ортиб борди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақаларининг ўзида туманимизнинг ёш Кинг-боксчилари 20 дан ортиқ медалларнни қўлга киритиб, Ўзбекистон чемпионларига айландилар. 2004-2005 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасида 12-18 феврал кунлари қўл жанги бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Олмалиқ шаҳрида бўлиб ўтган беллашувларда Икромжон Ҳайдаров ва Нодирахон Юлдашеваларнинг шогирдларидан Зулфизар Рўзибоева, Мадинабону Шавкатовалар вилоят терма жамоаси сафида иштирок этишиб, 3-ўринни эгалладилар. Таэквандо бўйича 7-10 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ўсмирлар ва қизлар ўртасида бўлиб ўтган Ўзбекистон кубоги учун мусобақаларида Абдукарим Абдукаримов 36 кг вазнда 3-ўринни эгаллади. Баскетбол бўйича18-23 январ кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида тренер Фахриддин Усмоновнинг шогирдлари 2008-2009 йилларда туғилган тенгдошлари орасида 1- ўринни эгаллаб, республикада ягона жамоага айландилар. Бокс бўйича 2019-2020 йилларда туғилган қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони бўлиб тан олинган Саидахон Раҳмонова айни дамда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ҳисобланади. У Осиё чемпионатида 3-ўрин соҳибасига айланган.
Ўтган даврда эришилган мувафаққиятларни сарҳисоб қилар эканмиз, спортчиларимиз орасида чемпион номини қўлга киритган спортчи ўғил-қизларимиздан Нусратбек Тоҳиров, Саидахон Раҳмонова, Бекзодбек Абдумуталлибов, Мақсудбек Орипов, Зулфизар Рўзибоевалар 2021-2022 ўқув йилларида Андижон Давлат Университетининг жисмоний тарбия йўналиши бўйича ўқишга имтиёзли қабул қилингани бизни янада янги марралар сари руҳлантирмоқда. Айни дамда туман болалар-ўсмирлар спорт мактабининг кўплаб спортчи ёшлари 19 та спорт турлари бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзосига айланган ҳолда турли мусобақаларга қизғин тайёргарлик кўрмоқдалар.

Ҳуршидбек Раҳмонов,
БЎСМ спорт ишлари бўйича директор ўринбосари.

Улашинг: